«Бунча катта ‘дух’ қаердан пайдо бўлди?». Расул Кушербаев — дарахтларни ноқонуний кесаётган ташкилотлар ҳақида

«Бунча катта ‘дух’ қаердан пайдо бўлди?». Расул Кушербаев — дарахтларни ноқонуний кесаётган ташкилотлар ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram–каналида қонунлардан хабардор бўла туриб дарахтларни ноқонуний кесаётган ташкилотларни танқид қилди.

«Баъзан тушунмай дарахт кесиб қўйибди, деган баҳоналарни эшитиб қоламиз. Балки ростдан ҳам дарахт кесиш мумкинмаслигини билмагандир, дейиш мумкин.

Лекин ҳамма нарсадан хабари бор, нуфузли ташкилотдагиларнинг ҳам қонунларга тупуриб қўйганини қандай тушуниш мумкин?!

Масалан, кўпчилигимиз эшитган Бўстонлиқ туманидаги ‘Амирсой’ курорт зонаси маъмуриятининг яқинда нақд 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтларни кесиб ташлаганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Шунча гапдан кейин ҳам ҳар хил баҳоналар билан дарахткесарлик давом этмоқда. Бунча катта ‘дух’ қаердан пайдо бўлди?

Ҳолат бўйича Экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган материаллар ими-жимида ёпилиб кетмаслиги керак. Гап ортга қайтариб бўлмайдиган 700 туп дарахт ва салкам 400 миллион сўмлик табиатга етказилган зарар ҳақида кетмоқда.

Ўзи курорт маъмурияти одамлар тоғнинг дарахтзор табиатида дам олиш учун ҳам курортларга боришини билармикан. Масъуллардан изоҳ кутамиз...», – деб ёзади депутат.