Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 8 январь куни ЎзА томонидан ўтказилган «Йил танлови-2020»нинг тақдирлаш маросимидан сўнг журналистларга интервью берди.
Кушербаев ОАВ вакилларининг «Сиз орзу қилган Олий Мажлис қандай бўлиши керак?», деган саволига шундай жавоб қайтарди:
Олий Мажлисда одамлар ўз орзу, мақсад ва ниятлари ижобатини кўрадиган жой сифатида кўриши керак. Конституциямизда ҳам бор-ку, халқнинг иродасини намоён қиладиган жой – мана шу Олий Мажлис бўлиши лозим, ҳамма ишларимиз шу қабул қилинаётган қонунлар асосида юритилиши керак. Бу, демак, давлатнинг энг олға кучи, энг олға локомотиви бўлиш кераклигини тақозо қилади. Мен ишонаманки, халқ иродасидан кўра катта куч йўқ. 34 миллион халқни бир залга йиғиб қўйишнинг имкони йўқ. Шунинг учун уни вакилларини йиғадиган жой дейдиган бўлсак, аслида ундан катта куч, ундан катта ўрин бўлиши мумкин эмас. Давлат, жамият аслида шундай бўлиши керак.
Одамлар ҳам нимадандир қониқмайдиган бўлса, вакилларини алмаштира олиш имкониятига эга бўлиши керак. Ўз-ўзидан Олий Мажлиснинг шу даражага эришиб бориши халқ ҳокимиятчилигини қайси даражага етганлигини кўрсатиб беради», — деди Расул Кушербаев.