Фарғона адлия бошқармасига рус “шоколад”чилари мурожаат қилди

Фарғона адлия бошқармасига рус “шоколад”чилари  мурожаат қилди
Фарғона вилоят адлия бошқармасига Россия Федерациясининг Санкт — Петербург шаҳрида жойлашган "Нeвский кондитeр" маъсулияти чекланган жамияти шикоят ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.  Гап шундаки, қонунан уларга тегишли савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган шоколад ширинлигига жуда ўхшаш маҳсулот Фарғона вилоятида жойлашган "Н.Д" МЧЖ томонидан контрафакт сифатида ишлаб чиқариаётганлиги баён қилинган. Шу билан бирга, улар билан шартнома тузилмаганлиги, бренд егаларининг розилиги олинмаганлиги ва энг асосийси, ноқонуний равишда фойдаланилаётганлиги аризада “қистириб” ўтилган.
—Ўрганишда маълум бўлишича, "Нeвский кондитeр" савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган «шоколад» товар белгиси учун товарлар ва хизматлар халқаро таснифининг 30-синфига мувофиқ "Нeвский кондитeр" МЧЖ ҳуқуқ эгаси хисобланади, —дейди Фарғона вилоят адлия бошқармаси интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлим бошлиғи Умиджон Назиров.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилоятида жойлашган "Н.Д" МЧЖ раҳбари "А.Л" истеъмолчиларни чалғитишга олиб келиши мумкин бўлган контрафакт шоколад маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик факти тасдиқланди. Унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича туман судига юборилди. Суд томонидан эса МЧЖ раҳбари А.Л. нинг Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177 — моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.