ИИВ туманлараро блокпостлар ўрнатилаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

ИИВ туманлараро блокпостлар ўрнатилаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги концепциясига кўра туманларда блок-постлар ўрнатилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов мазкур хабарлар ёлғонлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқ фаолларини ахборотни бузиб талқин этмасликка чақирди.

ИИВ вакилининг маълум қилишича, «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.

«Ижтимоий тармоқ фаолларидан ахборотни бузиб талқин этмасликларини ва расмий маълумот олиш учун ички ишлар органлари ахборот хизматларига мурожаат этишларини сўраймиз», — дейилади муносабатда.