ИИБ: 1 мартга қадар туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмалари ташкил этилади

Улашиш:

Жиззах шаҳрида мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятидан хабардор этишга қаратилган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан уюштирилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари, шунингдек Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда пробация соҳавий хизматлари масъуллари иштирокида ўтган анжуман аввалида 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти тўғрисида маълумот берилди.

Мавзу юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Исмоил Аманов атрофлича сўз юритди. Чунончи республикамиз Президентининг  мазкур фармони асосида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пробация хизматларини жамоат хавфсизлиги департаментига бирлаштириш чоралари кўрилаётгани баён қилинди. Ушбу соҳавий хизматлар фаолиятидаги уйғунлик ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган тадбирларни кучайтиришда омил бўлиши билдирилди.

Бундан ташқари жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органларининг миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш каби тизимлар билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш чоралари белгиланган. Яна бир маълумот: 2022 йил 1 мартга қадар маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳар бир вилоятда камида биттадан туманлараро патруль-пост хизмати бўлинмалари ташкил қилиниши мўлжалланаяпти. Ушбу бўлинмалар ходимлари жиноятчилик ошган шаҳар ва туманларга патрулликка жалб қилинади. Қолаверса, аҳоли сони, демографик жойлашув ҳамда криминоген вазият таҳлил этилиб, ҳудудга мос равишда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган ишлар кучайтирилади.

Умуман олганда фармон асосида 6 та истиқболли йўналишлар бўйича 96 та тадбирларни ўз ичига олган 2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси ҳамда шу асосда 2022 йилда амалга ошириладиган 30 та аниқ чора-тадбирлардан иборат йўл харитаси тасдиқланган. Чунончи, йўл харитасидан Ички ишлар вазирлиги ва миллий гвардия тизимидаги таълим муассасаларида жамоат хавфсизлиги асослари фанини жорий этиш, вилоятдаги ҳар 5 та маҳалла учун 1 та ҳуқуқ тартибот маскани ташкил қилиш орқали масканлар сонини 60 тага етказиш ва ўша ҳудудга ички ишлар органлари, миллий гвардия, жамоатчилик вакилларини хизматга жалб этиш режалаштирилгани маълум қилинди. Матбуот анжуманида шу каби ўзгариш ва янгиликлар тўғрисида батафсил фикр юритилди.

Шундан сўнг ички ишлар органлари соҳавий хизматлари масъуллари журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.  

Фотограф: Ботир Қудратов  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.