Русланбек Давлетов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

Русланбек Давлетов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

2017 йилдан буён Ўзбекистон Адлия вазирлигини бошқариб келаётган Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.

Президент фармони билан, Русланбек Қуролтоевич Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, у шу муносабат билан адлия вазири лавозимидан озод этилган.

Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими янги таъсис этилган.

Kun.uz манбаларининг маълум қилишича, Адлия вазирлигининг янги раҳбари лавозимига Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов ва Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамовнинг номзодлари кўриб чиқилаётган бўлиши мумкин. Уларнинг иккиси ҳам муқаддам адлия вазири ўринбосари бўлиб ишлаган.

Русланбек Давлетов 1980 йил Хоразм вилоятида туғилган, маълумоти олий. 4 та олий таълим муассасаси (жумладан, 2001 йилда Буюк Британия Варвик университети, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (магистратура), 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2010 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси)ни тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида бошлаб, кейинроқ мазкур қўмитанинг бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2004–2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2012–2014 йилларда – Олий суд қошидаги суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор в. б. лавозимларида фаолият олиб борган.

2014–2016 йилларда Президент девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик хизматининг Сенат ва Қонунчилик палатаси тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш сектори мудири бўлган.

Русланбек Давлетов 2017 йил августидан буён Адлия вазирлиги раҳбариятини бошқариб келаётганди.