Ўзбекистон ва Туркия ҳарбийлари Термизда тажриба алмашишади

Ўзбекистон ва Туркия ҳарбийлари Термизда тажриба алмашишади

22 март куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Мудофаа вазирларининг икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига асосан мазкур мамлакатлар Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари билан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Лазизжон Усмонов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев ва Туркия Республикаси махсус операция кучлари бригадаси командирининг ўринбосари полковник Рушту Тўреди ва икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирок этди.  

Сўзга чиққанлар ҳамкорликдаги ўқув машғулотларини сифатли ва юқори савияда ўтказиш лозимлигини таъкидлаб ўтишди ҳамда иштирокчиларга омад тилашди. Шундан сўнг, саф майдонида Термиз гарнизони ҳарбий оркестри садолари остида икки давлат ҳарбий хизматчилари саф тортиб ўтишди.  

Дала-ўқув майдонида давом этган ўқувларда ҳарбий хизматчилар тажриба алмашиш учун 15 километр мажмуавий махсус тактик йўлагидан ўтиш, жанговар иккилик, учлик ва тўртлик таркибида яқин жанг элементлари бўйича кўргазмали амалий махсус ўқ отиш ва қийин шароитларда яшовчанлик ҳолатлари бўйича амалий машғулотларга жалб этилди.  

Шунингдек, полигонда иштирокчилар махсус-тактик ўқуви саволлари бўйича машғулотлар олиб боришди ҳамда ўзбек ва турк ҳарбийлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.  

Ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари 27 март кунига қадар давом этади.