“CHELEBI TEXTILE” корхонасининг 550 миллион сўмдан ортиқ ҚҚС суммаси қайтарилди

“CHELEBI TEXTILE” корхонасининг 550 миллион сўмдан ортиқ ҚҚС суммаси қайтарилди

Жорий йилнинг август ойида Ҳукуматнинг қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) шартлари ва тартибларининг соддалашишида муҳим омил бўлди.

Аввал ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш фақат “ноль” ставка қўллаган экспортчи тадбиркорларга қўлланилган бўлса, янги шарт ва тартибларга кўра, ҚҚСнинг салбий фарқ суммаси барча ҚҚС тўловчиларга қайтариладиган бўлди.

— “Chelebi Textile” МЧЖ шаклидаги корхонамиз трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди “Chelebi Textile” МЧЖ раҳбари Алишер Тўрабеков.  — Фаолиятимиз 2020 йил январь ойида бошланган бўлиб, шу вақтга қадар Россия давлатига 500 минг долларлик маҳсулотларимизни экспорт қилдик.

Жорий йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида вилоят давлат солиқ бошқармасининг кўмагида жами 557 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғининг «0» ставкасини қўллаш ҳисобига юзага келган ортиқча тўловлар корхонамиз ҳисоб рақамига қайтарилди. Бу эса фаолиятимизни янада ривожлантиришга, ишчилар учун шароитларни яхшилашга сарфладик.

Глобал пайдемия шароитида дунё мамлакаталари қаторида бизнинг юртимизда ҳам карантин чекловлари ўрнатилиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий инқироз ёқасида кўплаб тадбиркорлик субъектларининг давлат солиқ органлари томонидан қўллаб-қувватланиши уларнинг фаолияти давом эттиришида, ишчи ўринларининг сақланиб қолинишида, кўплаб инсонларнинг рўзғорини тебратишда муҳим аҳамият касб этди.

— Ҳозирда корхонамизда 140 нафар ходими ишламоқда, — дейди Ҳалил Бинал Кемал корхона бош технологи. — Россия давлатидаги ҳамкорларимиздан қабул қилган бюртмаларни бажариш мақсадида пандемия пайтида ҳам фаолиятимизни тўхтатганимиз йўқ. Хорижлик бюртмачиларимизнинг бизнинг маҳсулотларимизга бўлган талаб ва эҳтиёжлари ортиб, келгусида корхонамизнинг экспорт ҳажми янада кенгайса, ишчиларимиз сонини 250-300 нафарга кўпайтириш режасини мўлжаллаганмиз.  

Фаолият давомида 130 дан зиёд 4 миллиард сўмлик электрон ҳисобварақ-фактураларидан фойдаланган корхонада бугун иш жуда қизғин. Янги режалар, мақсадлар сари интилган корхона эгалари замонавий технологияларни янада кенг жорий этиш ҳаракатида.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусан коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида қатор қарор, фармонлар айнан солиқ имтиёзлари ва енгилликлар бериш мақсадида қабул қилинди. Хусусан қўшилган қиймат солиғининг «0» ставкада қўлланилгани натижасида вужудга келадиган ортиқча тўловларни корхоналар ҳисоб рақамига қайтарилишининг соддалаштирилиши ва тезлаштирилиши тадбиркорлар учун яна бир имконият бўлди десак асло муболаға эмас.

 

Илғорбек Халилов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи