UzAuto Motors 2020 йил давомида ярим триллион сўмдан ортиқ йиғимни бюджетга тўламагани маълум бўлди

UzAuto Motors 2020 йил давомида ярим триллион сўмдан ортиқ йиғимни бюджетга тўламагани маълум бўлди

«Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун белгиланган йиғимлар тўланмасдан келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида маълум қилинди.

Ҳисоб палатаси хулосасида қайд этилишича, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.

Бироқ Ҳисоб палатасининг маълум қилишича, «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда. Масалан, UzAuto Motors АЖ томонидан 2020 йилнинг январь—сентябрь ойларида 582,6 миллиард сўм йиғим тўланмаган.

Шу сабабли Ҳисоб палатаси «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йилнинг июль ойида UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.

Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган. Қўмита нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган.

Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирган. Кейинчалик компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлган.

Расул Кушербаев бунга ўз муносабатини билдириб, «Кўрамиз, суд бу ишни қанчалик мустақил кўриб чиқиб, қонунларга асосан қарор қабул қиларкан. Шунча қийинчилик билан халқ розилиги учун бошни кундага қўйиб қилинаётган ишдан ҳафсала пир бўлмасин-да, ишқилиб», — дея ёзганди.

UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд жараёни 2 октябрь куни бошланган, 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаган.

23 октябрда бўлиб ўтган суд мажлисида UzAuto Motors четдан олиб келинган бутловчи эҳтиёт қисмларнинг нархи ошиши, хорижий валюта курси ошиши таннархларни шакллантиришида таъсир қилишини таъкидлаб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу ҳолатни ҳисобга олмаганини билдирган. Бунга жавобан қўмита вакиллари текшириш давомида бир неча маротаба ҳужжатлар тақдим этиш сўралганида компания томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, текшириш муддати якунланишига кам вақт қолганлиги сабабли умумий ҳисоб-китоблар танлов асосида ўрганиб чиқилганлиги маълум қилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Суд жараёнлари орасида UzAuto Motors компанияси турли баёнотлар қилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитасини ОАВга босим ўтказаётганликда айблади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса UzAuto Motors’ни давлат органига нисбатан ахлоқий меъёрлардан чиқмаган ҳолда мулоҳаза юритишга чақирди. Якунда UzAuto Motors’нинг мазкур айблови ўз тасдиғини топмади. Расул Кушербаев суднинг мазкур қарорига муносабат билдириб, «Янги Ўзбекистондаги эски Ўзбекистонга ‘ғалаба’ муборак», — деб ёзган.

24 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Бекмирза Эшмирзаев Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасига импорт машиналар бож тўловига оид депутатлик сўрови юборган. Мазкур сўровга Давлат божхона қўмитаси махфий жавоб қайтарган.