Uzauto Motors кейинги йил ҳам 3 фоизлик йиғимни тўламаслик имтиёзини сақлаб қолиши мумкин — депутат

Улашиш:

Uzauto Motors компанияси 9 ой мобайнида давлат бюджетига 582,6 млрд сўм йиғимни тўламаган. Мазкур ҳолат бўйича депутат Расул Кушнербаев муносабат билдириб, камига кейинги йил ҳам шундай 3 фоизлик йиғимни тўламаслик имтиёзини сақлаб қолиши мумкинлигини маълум қилди. «Биз бундай имтиёз берилишига қаршимиз», — деди у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутат Расул Кушербаев мазкур масала юзасидан фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, имтиёз бюджет қонунида ўтиб кетган бўлиши мумкин. Оқибатда Uzauto Motors 9 ойда 582,6 млрд сўм йиғин тўламаган. Депутат мазкур имтиёз кейинги йилда ҳам сақланиб қолишидан хавотирда эканлигини билдирган.

«Бу имтиёз қаерда ўтиб кетган савол ҳам қизиқтираяпти. Балки қонунларда номувофиқлик бордир, бу ўтган йилги бюджет қонунида кетган бўлиши мумкин. Нимага бунақа бир-бирига зид кетаяпти? Камига кейинги йил ҳам шундай 3 фоизлик йиғимни [Uzauto Motors — таҳр.] тўламаслик имтиёзини сақлаб қолиши мумкин. Биз бундай имтиёз берилишига қаршимиз», — деди Расул Кушербаев.

Депутат Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланганини назарда тутмоқда.

Қолаверса, президентнинг 2019 йил 18 июлдаги [4397-сонли] қарорида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги транспорт воситалари сотиб олганлик учун йиғин ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши қайд этилган.

Олий Мажлис палаталари қабул қилган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунда ҳам янги автотранспорт воситалари бўйича ундириладиган йиғимдан мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобиллар мустасно эканини кўриш мумкин. Бу UzAuto Motors АЖга ["Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги ишлаб чиқарувчилар ҳам] 3 фоизлик йиғимни тўлашдан қонуний озод қилинган дегани. Буни парламентлар тасдиқлаган. Муҳими, ушбу имтиёз қуйи палатага киритилган 2021 давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида мавжуд.

Мазкур саволга тайинли жавоб бўлмагач, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов мазкур саволни қўмита ёки фракция йиғилишида муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, депутат Расул Кушербаев мазкур ҳолат бўйича ўзининг телеграм каналида батафсилроқ фикр-мулоҳазаларини қолдирди.

«Бу барча белгилари бўйича жиноий иш. Нега шу пайтгача иш очилмаган ҳайронман. Халқдан ярим триллион сўмни йиғим баҳона шилиб олсада, бюджетга тўламаса. Буям майли, энди бу Остап Бендер шогирдлари ўша 3%ни бюджетга тўламаслик бўйича имтиёз ҳам ундирмоқчи», — дейди депутат.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.