Мутасаддилар муносабати: Электр энергияси нима сабабдан кўп ўчирилмоқда?

Мутасаддилар муносабати: Электр энергияси нима сабабдан кўп ўчирилмоқда?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Sh.Rashidov tumani Ziyokor QFY Nurchilar ko'chasida bir kunda 100 marta elektrni o'chirib odamni ustidan kulishyapti» шаклидаги танқидий материал тарқалди.
Ушбу мурожаат «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. 
Ш.Рашидов тумани, «Зиёкор» ҚФЙ, Нурчилар кўчаси кўп сонли аҳоли истеъмолчилари учун мўлжалланган 10 кВли «Жиззахлик-2» ҳаво тармоғи орқали электр энергияси билан таъминланган. Электр энергетика тармоғида қувват танқислиги содир бўлган вақтларда Тизим операторлари томонидан берилган топшириқларни бажариш мақсадида 10 кВли ҳаво тармоқларида ҳудудлар бўйича навбатма навбат чеклашлар киритилади.
Кейинги вақтларда «Жиззахлик-2» ҳаво тармоғида электр энергия истеъмоли кескин ошиб кетиши (электр энергиясидан хонадонларни иситиш учун фойдаланиши) ҳамда об-ҳавонинг ноқулай келганлиги сабабли авариялар содир бўлиб, уларни бартараф этиш ёки олдини олиш учун тармоқ қисқа вақтларга ўчирилиши талаб этилади.
Бундай вақтларда аварияларни олдини олиш мақсадида тармоқларни зудлик билан ўчириш талаб этганлиги учун, истеъмолчиларни огоҳлантириш имконсиз ҳисобланада. Авариядан бошқа вақтларда режали ишлар бажарилган тақдирда истеъмолчилар огоҳлантирилади.
Жумладан, ушбу тармоқда жорий йилнинг 27 октябрь санасидан 13 ноябрь санасигача қувват танқислиги сабабли 7 марта, об-ҳавонинг ноқулай келганлиги ёки авария сабабли 5 марта маълум вақтгача ўчиш бўлган.
Ушбу тармоқ истеъмолчилари қувват танқислиги ва электр тармоқларидаги авариялардан бошқа вақтларда электр энергияси билан узлуксиз таъминланиши назоратга олинганини маълум қиламиз.
Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ