Коронавируснинг кечиши оғирлиги нимага боғлиқлиги аниқланди

Коронавируснинг кечиши оғирлиги нимага боғлиқлиги аниқланди

Испаниядаги Саратонни ўрганиш миллий тадқиқот маркази олимлари коронавируснинг кечиши оғирлиги инсон хромосомаларини шикастланишлардан ҳимояловчи ДНК “учлари” - теломерлар узунлигига боғлиқлиги ҳақидаги хулосага келишди.

Олимларнинг фикрича, коронавируснинг асоратларидан бири теломерларнинг қисқариши ҳисобланади. Бу ўз навбатида ўпка тўқималари тикланишига тўсқинлик қилади ва баъзи беморларда узоқ давом этувчи асоратлар келтириб чиқаради.

Теломерлар узунлиги одатда инсон қариши давомида қисқариб боради, бироқ коронавируснинг оғир шаклларида ушбу ҳолат инсоннинг ёшидан қатъий назар кузатилган. Тадқиқот давомида коронавирусни оғир ўтказган беморларда теломерлар узунлиги анча қисқалиги аниқланган. Бунда беморларнинг ёши ушбу ҳолатга ҳеч ҳам таъсир кўрсатмаган”, деб айтилган тадқиқотда.


Олимлар теломерлар узунлиги қисқаришини одатда қариш билан боғлашади, чунки ҳужайралар ҳар сафар бўлинганда теломерлар узунлиги қисқариб боради ва секин-аста ҳужайра шикастланиб, бўлинишдан тўхтайди. Натижада ҳужайралар бўлинишининг издан чиқиши қаришга олиб келади.

Янги хулосалар аввал ўтказилган тадқиқотлар натижаларини тасдиқлайди. Уларда ўпка фиброзига (шу жумладан, коронавирусга хос бўлган) сабаблардан бири ўпка тўқимасининг тикланишида иштирок этувчи ҳужайралар теломерлари шикастланиши ҳисобланиши кўрсатилган. Бу ҳужайралар II турдаги пневмоцитлар деб аталади ва коронавирус ўпкани зарарлаш учун айнан улардан фойдаланади”, деб ҳисоблашмоқда мутахассислар.

Аввалроқ олимлар теломерларни теломераза ферментини фаоллаштириш ёрдамида узайтиришга қаратилган тажрибавий даволаш ўпка фибрози ва теломерлар қисқариши билан боғлиқ бошқа касалликларга самарали таъсир кўрсатишини намойиш қилишган. Эндиликда улар ушбу ёндашувни коронавирусни даволаш учун ҳам синаб кўришмоқчи.