Тадқиқот натижаларига кўра, тананинг қариши одам нима ейишига қараб тезлашади ёки секинлашади. Олимлар фастфуд ва қайта ишланган қизил гўштдан огоҳлантиради, шунингдек ортиқча туз ва шакар ҳам умрни узайтирмайди, деб ҳисоблашади.
Фастфуд ва концервантлар
2019 йилнинг охирларида Наварра университети (Испания) олимлари тажриба ўтказдилар: 51 ёшдан 91 ёшгача бўлган 886 нафар кўнгилли сўлак намуналарини топширдилар ва қандай озиқ-овқатни хуш кўришлари ҳақидаги саволларга жавоб беришди. Уларнинг барчаси 20 йиллик SUN Project лойиҳаси (1999-2018 йй.) тадқиқотларида қатнашган. Экспертлар овқатланиш одатлари уларнинг қон босимига, диабет, семириш ва юрак-томир касаллиги ривожланишига таъсирини ўрганишган.
Мутахассислар сўлакдан ДНКни ажратиб олишди ва умр кўриш давомийлиги билан боғлиқ бўлган теломерлар (хромосоманинг сўнгги қисмлари) узунлигини аниқладилар. Одатда, ҳар бир ҳужайранинг бўлиниши билан теломерлар камаяди. Улар жуда қисқа бўлганда, ҳужайралар бўлиниб, зарарланган тўқималарни «тиклай олмайди». Бу тананинг қаришини англатади.
Кўнгиллилар жуда кўп концервантлар, таъм берувчи қўшимчалар, ёғлар ва шакар билан қайта ишланган таомларни қанча вақт истеъмол қилишларига қараб гуруҳларга бўлинган. Аниқланишича, энг қисқа теломерлар кунига камида учта порция истеъмол қилганларда топилган. Яъни, улар биологик жиҳатдан тенгдошларидан кексароқдир.
Туз
Теломер узунлиги шўр овқатни ортиқча истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 766 нафар ўспиринни кузатиш шуни кўрсатдики, таомномада кўп миқдордаги туз бўлиши ҳужайраларнинг эрта қаришини келтириб чиқаради.
Олимлар иштирокчиларни икки гуруҳга бўлишди. Биринчиси – кунига ўртача 2,3 грамм, иккинчиси – тўрт граммдан сал кўпроқ туз истаъмол қиладиганлар. Иккала ҳолатда ҳам кунлик меъёр бузилган – бу ёшда у бир ярим граммни ташкил этади.
Олимлар иштирокчилардан биологик намуналар олишди, улардан ДНКни ажратишди ва теломерларнинг узунлигини аниқлашди. Маълум бўлишича, овқатда тузи кўпроқ бўлган ўспиринларда теломералар тенгдошлариникига қараганда калта чиққан.
Қолаверса, тузни кўп истеъмол қилиш юрак ва қон-томир касалликлари хавфини ошириши ҳам исботланган.
Тўғри, тузни тўлиқ рад этиш ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди – танадаги суюқлик мувозанатини натрийсиз сақлаб бўлмайди.
Ширинлик
Америкалик ва немис тадқиқотчиларининг фикрига кўра, эрта қаришнинг энг асосий сабабларидан бири бу – ширинликларга ҳаддан ташқари ружу қўйишдир.
Бундан ташқари, ширинликларга бўлган қарамлик ажинларнинг эрта пайдо бўлишини келтириб чиқариши ҳам исботланган.
Аммо ширинликдан ҳам бутунлай воз кечмаслик керак. Олимлар шакар ўрнига уролитинга бой маҳсуларни тавсия қилишади – у ёнғоқ, анор ва қулупнай таркибида бўлади.