Тошкентда пиёдани уриб кетган маст ҳайдовчи олти йилга қамалди

Тошкентда пиёдани уриб кетган маст ҳайдовчи олти йилга қамалди

Яшнабод тумани судида пиёдани уриб кетган ва воқеа жойидан яширинган маст ҳайдовчининг иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Тошкент” телеканали хабар бермоқда.

“Матиз” автомашинасини бошқарган 33 ёшли ҳайдовчи бомдод намозига шошилиб   кетаётган ва белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтмочи бўлган 83 ёшли отахонни уриб кетган. Ҳайдовчи маст ҳолатда бўлгани аниқланган. Бироқ, жабрланган фуқарога ёрдам беришнинг ўрнига, у   қарияни йўл четида қолдириб, воқеа жойидан яширинган. Натижада пиёда олинган жароҳатлари туфайли йўл чеккасида ҳаётдан кўз юмган.

Беш соат ўтгач, ҳайдовчи ўз оёғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига бориб, шок ҳолатда бўлгани учун яширинганини билдирган.

Маълум бўлишича, судланувчи кекса онаси билан яшаб, у ягона боқувчи экан. Қолаверса, мазкур фуқаро алимент тўларкан. Судланувчининг адвокати эркак ўз вақтида алимент тўлаётгани, илгари судланмагани ва умуман, оғир моддий шароитда эканини инобатга олиб, жазони юмшатишни сўраган. Бироқ, суд ҳайдовчини 6 йилга озодликдан маҳрум қилган. Жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланган. Шунингдек, собиқ ҳайдовчи 3 йилга   автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бундан ташқари,   фуқаро жабрланган томонга 8.2 миллион сўм моддий ва маънавий зарарни тўлаб беради.