Жиззахда Nexia тўйдан қайтаётган маст пиёдани уриб кетди. Жабрланувчи шифохонада вафот этган (видео)

Улашиш:

ЙҲХББ Жиззах вилояти Фориш туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларидан бирининг тафсилотлари ҳақида маълум қилди.

Бошқарма ахборот хизмати Telegram’да эълон қилган видеога кўра, Жиззах вилояти Фориш туманида 1993 йилда туғилган С.К. ўз бошқарувидаги Nexia’да туманнинг «Ёшлик» маҳалласида яшовчи 1977 йилда туғилган Ж.С.ни уриб юборган. Шифокорларнинг тахминига кўра, жабрланувчи спиртли ичимлик ичган ва маст ҳолатда бўлган.

Ж.С. авариядан кейин касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, у ерда ҳаётдан кўз юмган.

«Суриштирувларда Ж.С.нинг онаси билан бирга Фориш туманида яшовчи қариндошининг уйига тўйга келгани, воқеа жойидан 200-250 метр масофа узоқликдаги тўйхонадан чиқиб, мақсадсиз қоронғи йўлга чиқиб қолгани аниқланди», – дея ҳодиса ҳақида дастлабки маълумотларни берган Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ҳусан Холқўзиев.

Шунингдек, видеолавҳада ИИБ вакили ҳайдовчини сўроққа тутиб, воқеа қандай содир бўлгани ва қандай тезликда ҳаракатлангани ҳақида сўраган.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у тунда ҳаракатланиб келаётган вақтида қарама-қарши йўналишдан машина келиб қолган ва чироқларнинг кўзига тушиши оқибатида С.К. тўсатдан йўлга чиққан пиёдани кўрмаган.

«Йўл ёритилмаган, устунларда чироқлар йўқ, йўлнинг қатнов қисми текис. Ён атрофда аҳоли хонадонлари камлиги туфайли кўчага чироқлар ўрнатиш ҳозирча режалаштирилмаган», – дея ҳодиса содир бўлган йўлинг шароитига эътибор қаратган Ҳусан Холқўзиев.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.