Ўзбекистондаги базалт захираларининг тўртдан бир қисми Жиззах вилоятида жойлашган

Ўзбекистондаги базалт захираларининг тўртдан бир қисми Жиззах вилоятида жойлашган

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Таъкидланишича, Жиззахда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу — қурилиш ва энергия тежамкор материаллар ишлаб чиқариш. Охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилган, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилган. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди.

Вилоятда биргина базалт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этади. Лекин, булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса, базалтдан талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди.

Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базалт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.