Жиззах шаҳар ҳокими навбатдаги сессияда халққа мурожаат қилди

Жиззах шаҳар ҳокими навбатдаги сессияда халққа мурожаат қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Олий Мажлиси Сенати томонидан жорий йилнинг 10-20 декабрь кунлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларини ўтказиш тавсия этилиб, унда ҳокимларнинг 2020 йил якунлари ва 2021 йилги режалар бўйича мурожаат қилишлари белгиланди.

Белгиланган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳридаги ёшлар инновацион марказида Жиззах шаҳар ҳокимининг халққа мурожаатномасига бағишланган халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Санобар Суярова, шаҳарнинг барча сектор раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, корхона, ташкилот раҳбарлари, тадбиркорлар, маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Сессияда шаҳар ҳокими Акбар Шукуровнинг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси йилги режаларига бағишланган ҳалққа мурожаати тингланди.

Шаҳар ҳокими ўз нутқида камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар дафтари, шаҳарнинг инвестицион салоҳияти, таълим, мактабгача таълим, тиббиёт, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш  каби соҳалардаги ижобий фаолияти алоҳида қайд этди.

Шунингдек мурожаатда тиббиёт, шаҳарсозлик, йўл қурилиши, таълим, коммунал соҳа йўналишларидаги камчиликлар, олиб борилаётган ишларни кучайтириш зарурлигига танқидий тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар ўзларининг фикр-мулоҳазалаларини билдирдилар.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг бюджет ва иқтисодий ислоҳатлар қўмитаси аъзоси С.Суярова ҳам мурожаат юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Сессия якунида муҳокама этилган масала юзасидан депутатлар кенгаши томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мурожаатдан сўнг депутатлар, журналист ва блогерлар учун брифинг ташкил этилди. Брифингда депутатлар ҳамда журналистлар  ўзларини қизиқтирган саволлар билан иштирок этишди.

Депутатлар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган ички йўлларни таъмирлаш, маҳалла ҳудудида янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш, бозорларни тартибга солиш, қурилиш, кредит, тадбиркорлик, коммунал соҳалар ва кадрлар масаласи билан боғлиқ саволларга жавоблар тингланди.

Сессия доирасида шаҳарда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари тадбиркорлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар.

Куннинг иккинчи ярмида журналист, блогер ва депутатлар учун шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналарига пресс-тур ташкил этилди.

Йўл-йўлакай шаҳар ҳокими журналист, блогер ва депутатларга шаҳарда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, қурилаётган янги бинолар ҳақида батафсил сўзлаб берди.Пресс-тур доирасида тадбир иштирокчилари янги қурилган ва яқинда фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳар Давлат хизматлари маркази биноси, “Bonu” ширинликлари МЧЖ корхонаси фаолияти ва “JADA COLOR” текстил корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

  Жиззах шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати