Фориш тумани ҳокими сессияда ҳалққа мурожааат қилди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ва Олий Мажлис Сенати топшириғига кўра вилоят, шаҳар, туман ҳокимларининг 2020 йил якунлари ва 2021 йилдаги устувор вазифалар юзасидан халққа мурожаати амалиёти йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда тумандаги сектор раҳбарлари, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Сессияни кекса депутат Авазхон Бегиев кириш сўзи билан очиб, бошқариб борди.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн тўққизинчи сессиясида йиғилганлар туман ҳокими Абдивали Мустановнинг «Туманни 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси йил режаларига бағишланган халққа мурожаати тўғрисида”ги маърузасини тингладилар.

– «Илм, фан ва рақмали иқтисодиётни ривожлантириш йили»да барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди, – дея таъкилади туман ҳокими ўз чиқишида. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 103,1 фоизга, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 110 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 107,1 фоизга, капитал қуйилмалар ўзлаштирилиши 120 фоизга, қурилиш ишлари 120,3 фоизга, жами хизматлар ҳажми 104,5 фоизга, чакана товар айланиши 103,1 фоизга бажарилди.
Маърузада қайд этилишича жорий йилда инвестиция дастури доирасида 22 та қўшимча шакллантирилган дастур доирасида 11 та, бўш турган объектлар ҳисобига 3 та, жами умумий қиймати 34 миллиард 262 миллион сўмлик 36 та лойиҳалар ишга туширилди. Йил охиригача яна 2 та лойиҳа ишга туширилади. Амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига йил якуни билан қўшимча 8,50 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 11,6 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилади.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича 2019 йилда 70,1 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 321,7 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Туманда бундан уч йил илгари 823 та кичик бизнес субъектлари мавжуд бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 1219 тани ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги банк филиаллари томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган 835 та тадбиркорларга жами 17,8 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Шундан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 769 та субъектларга 15 миллиард 400 миллион сўмлик, «Ёшлар – келажагимиз» дастури доирасида 10 та субъектларга 1,0 миллиард сўм, «Фермерлар кенгаши» жамғармаси ҳисобидан 18 та субъектларга 0,4 миллиард сўм, «Ҳунармандчилик» жамғармаси ҳисобидан 21 та субъектларга 0,69, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш фонди ҳисобидан 17 та субъектларга 0,3 миллирад сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилда йўлларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – деди туман ҳокими ўз маърузасини давом эттириб. Туман ҳудудидаги автомобил йўллар, ички йўлларда жами 6,5 миллиард сўмлик, 5,5 километр асфальт ётқизиш ва 170 миллион сўмлик 2,5 километр ички йўлларга шағал ётқизилди. «Илонли» маҳалласидаги Илонли қишлоғида лойиҳа қиймати 695,2 миллион сўмлик, «Ўхум» маҳалласининг Мўла қишлоғида лойиҳа қиймати 420,5 миллион сўмлик кўприклар қурилди.
Туманда 2020 йилга келиб, давлат тасарруфидаги ва давлат хусусий шерикчилик асосида таълим муассасалари сони 74 тага етди. Ўғил-қизларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови 70 фоизга етди. Туман ҳокими ўз мурожаатида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш, сервис хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилган ва амалга ошириладиган ишларга ҳам батафсил тўхталиб ўтди.
Туман ҳокимининг илк бор амалиётга тадбиқ этилган халққа мурожаатида 2020 йилда амалга оширилган ишлар тўла сарҳисоб қилингани, келгуси йилнинг энг устувор вазифалари белгилаб берилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Сессия савол-жавоблар остида ўтди. Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг депутатлари Ботир Каримов, Аҳмад Сояқулов, Абулхай Абулхаевлар сўзга чиқишиб, туман ҳокимининг халққа мурожаатини қониқарли деб топишди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.