News time: Блинкеннинг ташрифи, сариқ жилет ҳангомаси ва чириган олмалар

News time: Блинкеннинг ташрифи, сариқ жилет ҳангомаси ва чириган олмалар

Қорақалпоғистон парламенти томонидан Кегейли туманида ўтказилган ўрганишларда маълум бўлишича, тумандаги қатор мактабларда болаларга сифатсиз маҳсулотлар ва чириган олма берилган. Бундан ташқари, егуликларнинг миқдори ҳам кам бўлган, айрим мактабларда маҳсулотлар сифатини текшириб олувчи комиссия тузилмаган.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси бу борадаги ўрганиш ишларини бутун республикада ўтказиши, масъулиятсиз мактаб директорлари жазоланишини маълум қилди. Лекин гап фақат директорларда эмас. Гап шундаки, Қорақалпоғистондаги 716 та мактабдан салкам 350 тасига егулик етказиб бериш ҳуқуқи битта корхонага бериб юборилган. Натижада егуликлар совуткичли махсус машиналарда ташилиши керак деган талаб бажарилмаган. Аниқроқ айтганда, қонунчиликдаги бу талабнинг бажарилмаслиги аввалбошдаёқ маълум бўлган. Кегейлидаги сифатсиз маҳсулотлар тарқатилган мактаблар таъминоти ҳам “Tabassum Nukus” номли айнан шу корхонага топширилган. Яъни чириган олма бошқа туманлардаги мактабларга ҳам тарқатилган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бюджет ҳисобидан егулик бериш ўтган йили бошланди. Ҳужжатларда “соғлом овқат” деб аталган нарса “сухой паёк” бўлиб чиққани кўпчиликни ажаблантирган эди. Бу йил сентябрдан бошлаб бундай тартиб Ўзбекистондаги ҳамма мактабларда йўлга қўйилади, бунинг учун бюджетдан 200 млн доллардан ортиқ маблағ ажратилади. Буни эса ҳамма ҳам қўллаб-қувватлаётгани йўқ.

Тошкентда мактабларга ички ишлар ходимлари бириктирилди

Шу ҳафта Тошкентдаги ҳамма мактабларга ички ишлар ходимлари бириктирилди. Улар эрталаб соат 7:00да мактабга келиб, кун давомида мактаб ва унинг атрофидаги кўчаларда патруллик қилади. Болалар мактабдан қайтадиган пайтда айниқса одам кам юрадиган кўчалар алоҳида назорат остида бўлади.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг мактаблардаги вакиллари – вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар синфларнинг Telegram'даги гуруҳларига қўшилди.

Шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, охирги пайтларда пойтахтда болаларнинг ўғирлаб кетилиши ҳақида фейк хабарлар кўп тарқалаётгани сабабли шундай қарорга келинган. Патруллик хизмати болаларнинг хавфсизлигини таъминлаши, ота-оналар ҳар қанақа шубҳали хабарлар бўйича инспектор-психологларга мурожаат қила олиши айтиляпти.

Масъулларга кўра, охирги 2 ой ичида болаларни ўғирлашга уриниш ҳақида 6та хабар келиб тушган, лекин уларнинг ҳаммаси фейк бўлиб чиққан. Умуман, расмийларнинг айтишича, Тошкентда охирги 5 йилда бола ўғирланиши бўйича бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.

Ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилиш – жиноят

Ўзбекистонда ўқитувчиларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларни қилишга мажбурлаш расман жиноят деб эълон қилиняпти. Ҳозиргача бу маъмурий ҳуқуқбузарлик эди. Шу ҳафта Сенат маъқуллаган қонунга кўра, қайсидир амалдор маъмурий жазо олганидан кейин ҳам тап тортмасдан, ўқитувчиларга такроран бегона ишларни буюрса, иккинчи сафар жиноий жавобгарликка тортилади.

Жазо – ҳозирги кундаги базавий ҳисоблаш миқдорида 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, педагог ходимнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун маъмурий жарима миқдори 2 баробарга ошириляпти.

Расмийларнинг айтишича, бу қонун педагогларни бўлар-бўлмас тадбирларга ноқонуний жалб қилиш, ҳар хил ишчи гуруҳлар таркибига қўшиш, улардан турли ҳисобот ва маълумотларни талаб қилавериш каби муаммоларга ечим бўлиши керак. 

Сенатнинг 2 март кунги мажлисида тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам янги қонун маъқулланди. Унга кўра, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш маъмурий жавобгарлик кодексига киритилади. Жарима миқдори фуқароларга 1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача бўлади. Тиббий фаолиятга тўсқинлик қилган мансабдорлар эса 2,1 млн сўмдан 3 млн сўмгача жаримага тортилиши ёки 15 суткагача қамалиши мумкин.

Сариқ жилет ҳангомаси ва тезлик пасайиши

Тротуарда кетаётган пиёдалар ҳам сариқ рангли жилет кийишига тўғри келиши ҳақидаги хабар ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси бўлди. Давлат ахборот агентлиги ички ишлар тизимидаги расмий мулозимнинг сўзларига асосланиб тарқатган хабар тез орада рад этилди. Маълум бўлишича, гап фақат тарғибот ҳақида кетяпти.

Қисқа қилиб айтганда, қоронғида кўчага пиёда чиқиб кетяпсанми, жонингдан умидинг бўлса, сариқ жилет кийиб ол. Йўлларнинг ҳолати, ёритилмаслиги ва автоҳалокатларнинг кўплиги шароитида бу албатта фойдадан холи эмас.

Хайриятки, автоҳалокатларни камайтириш йўлида узоқ кутилган чоралардан бири шу ҳафта қабул қилинди. Тасдиқланган 2022 йилги давлат дастурига биноан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказида максимал тезлик 70 км/соатдан 60 га тушириладиган бўлди. Бу янгилик 1 апрелдан кучга кириши керак. Эслатиб ўтамиз, дастур лойиҳасида тезликни барча аҳоли пунктларида 60 га тушириш таклиф қилинганди. Бу таклиф инобатга олинмади, нега инобатга олинмагани бўйича ҳам ҳозирча бирор изоҳ берилмади.

 

Энергетика хабарлари

Аи-80 маркали бензиннинг акциз солиғидан озод қилиниши йил охиригача узайтирилди. Натижада 1 мартдан кейин ҳам бензин нархи ўзгаришсиз қолди. Эслатиб ўтамиз, бу имтиёз қишда, энергия инқирози сабаб газ шохобчалари узоқ вақт ёпиқ бўлганида бензин нархини тушириш учун вақтинча жорий этилган эди. Эндиликда Аи-80 учун нол фоизлик акциз солиғи 31 декабргача амал қилади.

Блинкен – Тошкентда

Ҳафтанинг асосий сиёсий воқеаси – АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг ташрифи бўлди. У аввалига Остонада Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари билан учрашди, эртасига Тошкентга келиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ташрифдан асосий мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистонни Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бермасликка чақиришдир. Бундан ташқари, расман Американинг тўртинчи даражадаги одами ҳисобланувчи Блинкен ўз ташрифи орқали АҚШ Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Блинкен Остонада ҳам, Тошкентда ҳам матбуот анжуманлари ўтказди. Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши санкциялардан кўрган йўқотишлари учун АҚШдан компенсация олади. 25 млн долларлик компенсация минтақамизда савдони диверсификация қилиш ва иш ўринлари яратишга сарфланиши айтилди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Янгиланган Malibu XL автомобилининг нархи эълон қилинди. Бироз ошган нархлар – 375 млн сўмдан 419 млн сўмгача. Damas, Cobalt ва Gentra учун эса салкам уч ойдан бери шартнома берилмаяпти. UzAuto Motors қаторасига тўртинчи йил айнан март ойида нархларни оширишга тайёрланяпти.

Тошкент марказида, собиқ МХХ биносининг ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қуриладиган бўлди. Бинони 2 йил олдин собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли компания хусусийлаштириб олганди. Шу компания отел қуриш бўйича Radisson меҳмонхоналар гуруҳи билан келишув тузган. Шуниси эътиборлики, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги қурилишларни бошлашга вақтинча мораторий киритилишини эълон қилганди.