Ғаллаоролда 300га яқин тадбиркорнинг муаммосига ечим топилди

Ғаллаоролда 300га яқин тадбиркорнинг муаммосига ечим топилди

Ғаллаорол туман давлат солиқ инспекцияси томонидан туманда 5 маротаба тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 810 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Ғаллаорол туманида 1200 га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 292 та корхонанинг 292 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 186 таси бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Ғаллаорол туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 221 та корхонадаги 728 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 60 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 56 нафар, қурилиш корхоналарида 45 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 567 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 65.5 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, ғаллаороллик  тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари вилоятда 1,5 баравар кўпайган бўлса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 200 тадан 306 тага етди.

2022-йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 19 212,0 млн сўм  миқдорида солиқ тушуми тушиши таъминланди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 15 755.0 млн сўми, яъни 82 фоизи юридик шахслар, 3 457,0 млн сўми ёки 18 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг ягона солиқ тўлови бўйича  1 382.9  млн сўм ундирилди ва режа 82.2 фоизга бажарилди. Якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган даромад солиғи тўлови бўйича 239.0 млн сўм ундирилди ва режа 112.8 фоизга бажарилди. Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича 2 365.8 млн сўм ундирилди ва режа 73.8  фоизга бажарилди.

Жисмоний шахслардан олинидиган мол-мулк солиғи 852.3 млн сўм ундирилди ва режа 72.7 фоизга бажарилди. Сув тўлови бўйича 11.0 млн сўм ундирилди ва режа 35.6 фоизга бажарилди. Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича 82,9 млн сўм ундирилди ва режа 113.9 фоизга бажарилди.

Юридик шахсларнинг ер солиғи бўйича 856,5 млн сўм ундирилди ва режа 102.6 фоизга бажарилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 8 949,0 млн сўм ундирилди ва режа 100.4 фоизга бажарилди. Давлат божи, жарима ва йиғимлар бўйича 4 565.0 млн сўм ундирилган.

Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали жиззах вилояти вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 63 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 64 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 15 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 9,5 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 16 та корхоналарга ер солиғи, 29 та корхонага мол-мулк солиғи, 7 та корхонага ижтимоий солиқ, 48 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 2 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан имтиёзлар қўлланилди.

 

Нурмурод Мамаев - Ғаллаорол туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи