ҚҚС ставкасининг 12% га туширилиши нархлар пасайишига олиб келмади — ПМТИ

ҚҚС ставкасининг 12% га туширилиши нархлар пасайишига олиб келмади — ПМТИ

«Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг 15% дан 12% га туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган», — демоқда ПМТИ экспертлари. Бунга яширин иқтисодиёт улуши катталиги, рақобат шаклланиб улгурмагани ва бошқа омиллар сабаб сифатида келтирилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) 15% дан 12% га туширилишини истеъмол товарлари нархлар даражасига таъсирини ўрганди.

Қайд этилишича, таҳлилда ҚҚС тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли миллий супермаркетлар нархлари асос қилиб олинган. Жумладан, 97 турдаги 3754 та истеъмол товари бўйича 4 ойлик статистика data-scraping йўли билан юклаб олинган. Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилган.

Натижаларга кўра, ҚҚС ставкасининг 12% га туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган.

Жумладан, декабрь-январь ойларидаги нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нахлар ўзгаришига нисбатан 0,3% бандга кўп бўлган. Бу бошқа барча омиллар таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам, 2,6% га тушиши керак бўлган нархлар 0,3% га ошган.

Хусусан, 46 та гуруҳ бўйича 1115 та товар нархи ўзгармаган (болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва бошқалар). 20 та гуруҳ бўйича 1306 та товар нархи 1% гача ошган (шоколад, ширинлик, гигиена маҳсулотлари). 12 та гуруҳ бўйича 585 та товар нархи 1−5% га ошган (кир ювиш кукунлари, мева, гўшт махсулотлари, сут ва б.). 7 та гуруҳ бўйича 567 та товар нархи (1,6% гача) пасайган (канцелярия товарлари, соуслар, кофе ва б.).

Аввалроқ ПМТИ экспертлари input-output модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоқлари учун ҚҚС ставкасининг 3% бандга пасайтирилиши харажатлар камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8% бандга пасайишига олиб келишини аниқлаганди. Аммо амалиётда ҳозирча тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.

ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганининг асосий сабаблари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • истеъмол товарлари бозорида хуфиёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржасини ошишига йўналтирилиши;
  • бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;
  • нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва б.) таъсир кучининг ошиб бориши.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилишини маълум қилганди.

Шунингдек, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари солиқ юки ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни 3 фоиз пунктгача камайтириш иқтисодиётга қандай таъсир этишини таҳлил қилган. ҚҚСни 3% га тушириш инфляцияни 0,8% га камайтириши мумкин, аммо бу солиқ тушумлари бўйича йўқотишларни тенг миқдорда компенсация қилиши даргумон, деганди ПМТИ экспертлари. Уларнинг фикрича, ҚҚСнинг реал ва стандарт ставкалари ўртасидаги тафовутни камайтириш чораларини кўриш истиқболлироқ.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси 1 октябргача интизомсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказиши маълум қилинган. Бу фирибгарлик схемаларидан фойдаланиб, асоссиз солиқ нафи олиш билан боғлиқ бўлмаган инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини бериши таъкидланган.