Ўзбекистонга Япониядан объектларни масофадан ўрганувчи дронлар олиб келинади

Улашиш:

Ўзбекистонлик олимлар Тоттори университети тадқиқотчилари томонидан Япониянинг SATREPS дастури бўйича жалб этилган 5 миллион доллар миқдоридаги грант лойиҳаси доирасида шартномада кўрсатилган ускуналар республиканинг белгиланган ҳудудларига олиб келиб ўрнатилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Оролбўйи минтақасида тупроқ шўрланишига қарши кураш, ер унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган Япония ҳукумати томонидан молиялаштириладиган мазкур грант лойиҳаси шартларига кўра Япония томонидан моддий-техник база билан таъминлаш назарда тутилган.

“Бугунги кунга қадар олиб келинган ускуналар тупроқ таркибидаги туз миқдори, тупроқда туз ва сув тақсимотини, сув сифатини назорат қилиш, геоахборот тизими маълумотларини ва метеорологик кузатувларни таҳлил қилишга мўлжалланган. Шунингдек, станциялар тажрибасида қайси галофитлар оқсил ва тузни қанча муддатда ўзлаштирилишини аниқловчи қимматли маълумотларни олиш имкониятини беради”, — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, дастур доирасида 2023 йил якунига қадар Япония томонидан 300 минг доллар миқдорида объектларни масофадан ўрганувчи дронлар, иқлим ўзгаришини ва ҳаво намлигини таҳлил қилувчи инновацион метеостанциялар ҳамда дарё сувлари баланси ва сифатини аниқлаб берувчи қурилмалар олиб келиш ва республиканинг белгиланган ҳудудларига ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

2017 йил июлда Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мониторингдан ўтказиш ишларининг тақдимоти билан танишганди. Ўшанда президентга қишлоқ хўжалигида дрон Аn-2 самолётидан афзал экани кўрсатиб берилган. Шундан кейин давлат раҳбари учувчисиз парвоз қилувчи замонавий қурилмалар — дронлар қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб, уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган эди.

“Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.