Аҳолини рўйхатга олишнинг халқаро меъёрлари

Улашиш:

Ҳозирги пайтда мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш халқаро меъёрлар асосида ўтказилади. Ҳар 10 йилда ўтказиладиган бу тадбирда аҳоли анъанавий: ёши, жинси, маълумоти, иш жойи, миллати, шунингдек, тураржойи ва унинг маиший асбоблар билан жиҳозланиши каби саволларга жавоб бериши керак бўлади.

Ўзбекистонда Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонида алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилиб, 2020 йил 16 мартда тасдиқланди.

Мазкур қонун қуйидагиларни назарда тутади, яъни аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, тартиби, даври ва муддатларини аниқлаш; замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш ва ташкил этиш; аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вазифалари, функсиялари ва жавобгарлигини белгилаш; жисмоний ва юридик шахсларни ушбу жараёнларга қатнашиши учун аниқ механизмлар ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш манбаларини белгилаш; якуний натижаларни амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни келтириб ўтиш инобатга олиниши кўрсатиб ўтилган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳолининг сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳолатларидаги ўзгаришлар аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш ва халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепсияси” тасдиқланди. Ушбу Фармонда қуйидагилар назарда тутилган.

Биринчидан, аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг мақсади ва асосий вазифалари ёритилган.

Иккинчидан, тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш босқичлари белгиланган.

Учинчидан, тадбирни ўтказишда иштирок этувчилар, вақтинчалик ходимларни ёллаш ва уларнинг вазифалари батафсил келтирилган.

Тўртинчидан, тадбирни ўтказишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш йўналишлари инобатга олинган.

Бешинчидан, тадбирни ўтказишни молиявий манбалари кўрсатилган.

Олтинчидан, тадбирдан кутилаётган натижалар ва бошқа ишларни амалга ошириш тушунтириб ўтилган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.