Вақтида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаслик бола ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлади

Вақтида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаслик  бола ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлади

Ҳар бир оила учун фарзанднинг дунёга келиши катта қувонч. Бироқ энди катталар “жажжи одамча”нинг илк муҳим ҳужжатларини тайёрлаши, соғлигини доимий назорат қилиш учун шифокорга мурожаат этиши, хуллас, унинг яхши яшаши учун барча ҳаракатларни қонун доирасида бажармоғи керак. Ҳар бир ёш ота бу хусусда етарлича маълумотга эга бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

Яхши биласиз, бола туғилганлигини расман тасдиқловчи ҳужжат, яъни “туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома” ФҲДЁ бўлими томонидан ёзилади. Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Туғилганлик ҳақидаги ариза билан бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши мумкин. Агар бола республика ҳудудидан ташқарида туғилган бўлса, уни рўйхатга қўйиш Ўзбекистоннинг ўша мамлакатдаги консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади. Бола туғилганлиги ҳақидаги ариза ота-онасининг ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин. Туғилганликни қайд этиш учун тиббиёт муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-онанинг паспорти ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлигини тўғрисидаги гербли гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза, ёхуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади. Боланинг туғилганлигини қайд этишда унга фамилияси ота-онасининг келишувига кўра, ота ёки онанинг фамилияси, боболаридан бирининг ёхуд отанинг исми бўйича берилади. Келишув бўлмаган тақдирда низолар васийлик ва ҳомийлик органи, консуллик округида эса консул томонидан ҳал этилади. Болага исм ота-онанинг розилигига кўра берилади. Болага қўшалоқ исм беришга йўл қўйилади.

Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги Фармонига биноан 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўлаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ҳам ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялар юклаган ҳолда ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Болани оилавий поликлиникага ҳисобга қўйиш, ота ёки онанинг доимий яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйиш, болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича навбатга қўйиш, шунингдек, бола туғилганлиги муносабати биноан бериладиган бир марталик пул маблағи олиш каби хизматлар жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб ФҲДЁ органлари томонидан туғилишни қайд этиш билан бир қаторда фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча вақт, маблағ сарфлашни ва сарсонгарчиликларнинг олдини олиш мақсадида “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизими орқали йўлга қўйилади.

Шунингдек, боланинг туғилишини ўз вақтида расмийлаштириш зарур. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини ўз вақтида расмийлаштирмаслик оқибатида боланинг ҳуқуқ ва эркинлиги поймол бўлиши мумкин. Масалан, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги, мактабгача таълим муассасасига ва умумий таълим мактабларига жалб этилмасдан қолган ҳолатлари ҳам мавжуд. Бу эса, ўз навбатида, бола жамиятда ўз ўрнини топишида қийинчилик туғдиради.

Ш.Ғафурова - Янгиобод туман ФҲДЁ бўлими мудираси