Қайд этилган ҳаракатлар бўйича тегишли гувоҳномаларни фуқароларга тақдим этиш учун ФҲДЁ органи ходими масъул ҳисобланади

Улашиш:

“Ҳеч бир бола қайд этилмай қолиши мумкин эмас”. Айнан шу шиор остида 2018 йил бошланган хайрли акция бугунги кунга қадар ҳам давом этиб келмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда туғилганлиги ўз вақтида қайд қилинмаган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилаётганлиги ҳақидаги хабарлар ёритилаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Аслида бу ижобий ишга қачон ва ким томонидан ташаббус қилинган?

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома — ҳар бир инсон ҳаётида дастлабки расмий ҳужжат ҳисобланади. У фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди.

Бу муҳим ҳужжатга эга бўлмаган ота-оналар фарзандининг манфаатларини ҳимоя қила олмайди. Ахир маънан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаслик — расмий қайд этилмаганлик демакдир, бунингсиз эса — киши умуман мавжуд эмас деса ҳам бўлади. Бола исмидан бошқа ҳеч нарсага эга эмас, у бўлса ҳам ҳеч қаерда қайд этилмаган.

Масаланинг долзарблиги, шунингдек, эътибордан четда қолиб кетса келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни инобатга олган ҳолда, Давлат хизматлари агентлиги томонидан 2018 йил умуммиллий ижтимой акцияни ўтказиш ташаббуси илгари сурилганди. Акциянинг асосий йўналиши этиб тегишли тартибда қайд этилмаган туғилганлик ҳолатлари аниқланиши ва тўлиқ хатловдан ўтказилиши белгиланган. Акция бошланган илк даврдаёқ уйма-уй юриш натижасида, жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан аниқланган Конституция ва қонунларда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олмаётган болалардан 13 мингга яқинига тегишли ҳужжат топширилганди.

 Сўнгги 3 йил давомида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 81 мингдан ортиқ туғилиши ўз вақтида қайд қилинмаган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.

Маълумот учун, ҳудудлар кесимидаги кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 3,8 минг, Андижонда 4,7 минг, Бухорода 900 та, Фарғонада 3,6 минг, Жиззахда 3,3 минг, Наманганда 10,7 минг, Навоийда 5,1 минг, Қашқадарёда 15,7 минг, Самарқандда 16,7 минг, Сирдарёда 650 та, Сурхондарёда 15,3 минг, Хоразмда 300 та, Тошкент вилоятида 4,2 минг, Тошкент шаҳрида 6,1 мингдан ортиқ.

Оила кодексига асосан, туғилишни қайд этиш учун фуқаролар бола дунёга келганидан бошлаб 1 ой ичида ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишлари лозим.

! Белгиланган муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қила олмайди.

ФҲДЁ органларида гувоҳномаларнинг сарфланиши, уларнинг сақланиши шунингдек, гербли гувоҳномалар билан ишлаш ҳуқуқига ФҲДЁ органи мудирлари шаҳсан масъул ҳисобланиб, қайд этилган ҳаракатлар бўйича тегишли гувоҳномларни фуқароларга тақдим этиш учун қонунчиликка биноан, ФҲДЁ органи ходими масъул ҳисобланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.