Уй зўравонлиги қурбонлари ким: эрига қарамми ё мустақил аёллар?

Уй зўравонлиги қурбонлари ким: эрига қарамми ё  мустақил аёллар?

Ростан ҳам, улардан қай бири кўпроқ жисмоний зўравонликка учрайди?  Мен таниган аёлларнинг кўпчилиги турмуш ўртоғига молиявий жиҳатдан қарам. Айнан шу жиҳат оилада уларга нисбатан ёмон муносабатни шакллантиради. Кўпинча оиладаги зўравонлик жисмоний кўринишга эга бўлиб, илк пайтларда унинг бошқа турлари кўзга ташланмайди. Масалан, аёл узоқ вақт уйда қолиб, болалари тарбияси билан шуғулланса, шахсий даромадига эга бўлмаса, ўзининг имкониятларини чеклайдиган иқтисодий муаммоларга ҳам дуч кела бошлайди: у яшаш учун ижарага квартира ололмайди, ўзи ва фарзандини озиқ-овқат билан таъминлай олмайди, ижтимоий хизмат турларидан фойдалана олмайди ва ҳоказо.

Шундай аёллардан бири андижонлик Комиладир.

Комила, 34 ёш.

-Асли наманганликман. Бундан 5 йил аввал бўлажак эрим билан Тошкентга кетаётиб, поездда танишганман. Менинг ота-онам йўқ, битта-ю битта акамнинг қўлида қолганман. Акам уйланди ва янгам мени сиғдирмади. Шундан сўнг маҳалламиздаги бир аёл мени Тошкентга ишга чақирди. “Фарзандларимга қараб, меникида яшайсан” деди. Ўша пайтда бу таклиф менга орзу каби туюлди ва акамни бир амаллаб кўндирдим. Поездда мени ёқтириб қолган А. билан Тошкентга бирга келдик ва... унинг квартирасида қолдим. Орадан 10-15 кун ўтгач, у билан никоҳдан ўтдик ва у мени Андижоннинг узоқ бир қишлоғидаги кимсасиз уйига олиб келди. Унинг ота-онаси анча йил аввал ўтиб кетишган, 2 та опаси эса Тошкентда яшар экан. А. мендан 14 ёш катта эди, аввал ҳам уйланган ва 2 фарзанди билан ажрашган экан. Биз шу ерда яшай бошладик. Мен бу қишлоқда ҳеч кимни танимас, бирорта дугонам ҳам йўқ эди. Тўғрироғи, А. мени қўшнилар билан гаплашишимга ҳам рухсат бермасди. Арзимас нарсалар учун мени калтакларди. Бу орада 2 фарзандли бўлдик. Эримнинг зулми, жисмоний зўравонликдан қочиб борадиган ерим йўқ эди. Мана, 3 йилдирки, у мени акам билан ҳатто телефон орқали ҳам гаплаштирмади. Эрим қўлидаги телефонини бир дақиқа қўлидан қўймас, ундан фойдаланишимга рухсат бермасди. Менинг бир сўм ҳам пулим йўқ эди ва агар бу ердан кетсам, на ўзимни ва на фарзандларимни боқа олардим, шунинг учун вазиятни оғирлаштиришдан қўрқардим.

Зўравонликка учраган аёл нима қилиши керак? “Зўравонлик турлари”

          “ЗЎРАВОНЛИК ТУРЛАРИ”

Дарҳақиқат, эри ёки бошқа бировга молиявий қарамлик аёлнинг зўравонлик исканжасида қолиши ёки ундан кетишга уриниб кўргач, такрор унинг қарамоғига қайтиб келишига сабаб бўлиши мумкин. Иқтисодий зўравонлик – оиланинг бир аъзоси бошқасини чегаралаб, оила бюджетини бошқаришни ўз қўлига олиши, ўзининг алоҳида даромадига эга бўлишидир. Турмуш ўртоғини қўрқитиб ёки унга ҳукмронлигини ўтказиб, оила бюджетига, масалан, болалар учун (кийим-кечаги, ўқиши ва бошқа харажатлар) кетадиган маблағни ажратмаслиги ҳам молиявий зўравонликдир. Бунда энг кенг тарқалган усул аёлнинг ишлашига йўл қўйилмаслигидир. Молиявий зўравонликка дуч келган кўплаб аёллар эрларидан пул сўраганда уят ва қўрқувни ҳис этганликларини айтишади. Кўпинча, бу каби “илтимос”лар давомида аёллар ўзларига керакли нарсаларни бу тарзда ёлвориб олишдан кўра, улардан воз кечишни афзал кўришади.

Хўш, молиявий эркинлик зўравонликка барҳам бера оладими? БМТнинг оилавий зўравонликка доир тадқиқотларига кўра, иқтисодий зўравонлик 90 фоиз ҳолатларда аёлларнинг ўз оиласи бюджетига фойда келтирмаётгани ва пул топмаётгани учун ўзларини айбдор ҳамда заиф деб ҳис қилишларига олиб келар экан.

Республика реабилитация ва мослаштириш марказининг маълумотларига кўра, оилавий зўравонлик бўйича Андижон вилояти Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидан сўнг 4-ўринни эгаллаган. Республикада кузатилаётган бу жиноятларнинг 90 фоизи оилавий зўравонлик улушига тўғри келади.

М. 27 ёш, ўқитувчи.

- Эрим мени доимий равишда уради. Унга осон эмас, қурилишда ишлайди, ойлиги кам. Мени ва ўғлимни таъминлаши керак. Ўғлим 10 ойлик ва у нархи жуда қиммат бўтқадан ейди, ундан бошқасини еса, қайт қилади. Мен ҳам ишламаяпман, оиламга фойда келтирмаяпман. Ҳам ўғлимга қараб, ҳам ишласам бўларди. Эрим мени тушунади. Иқтисодий етишмовчилик туфайлигина менга қўл кўтаради ва  ҳар сафар урганидан сўнг кечирим сўрайди. (Бошқа эрларга ўхшаб сўрамаса нима бўларди?) Хафа бўламан, аммо кечираман, биз бир-биримизни севамиз. Яқинда эримдан ишлашим учун ўғлимга энага ёллашимизни сўрадим. Лекин у кўнмади. “Хоҳласанг, ҳам болага қара, ҳам ишла” деди.

Тадқиқотлар иқтисодий зўравонлик ундан жабр кўрган инсоннинг хулқ-атворига таъсир қилишини кўрсатмоқда.

“Узоқ вақт давом этган оиладаги жисмоний ва молиявий зўравонлик  аёлларда ўзи ва фарзанди ҳаёти учун қарор қабул қилиш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Молиявий қарамлик туфайли бу ердан қочиш имконияти ёки бирор бошпана топиш мумкинлиги аёлга хомхаёл бўлиб туюлади”.

                             Анна Край, психолог

Молиявий қарамлик аёлни зўравонлик ва калтакларга чидаш, тақиқлар, ҳукм ўтказиш каби чекловларни бошдан ўтказишга мажбур қилади. Молиявий қарамлик, асосан, эрнинг ўз аёли имкониятларини чегаралаш орқали ўзининг мавқеи, масалан, иш фаолиятини яхшилаб олишига имкон беради. Молиявий зўравонлик ҳолати аёлни гўёки шартли қамоқхонага туширади ва вақт ўтган сари бу муносабатлардан чиқиш тобора мураккаблашиб бораверади. Айнан шундай ҳолатлар учун ҳам қонунлар ишлаши ва ижтимоий қўлловлар мавжуд бўлиши керак. Ҳимоя ордерлари тазйиқ ва зўравонликдан қутулган инсонларни такрорий ҳолатлардан ҳимоя қилади.  ШЕЛТЕР – вақтинчалик бошпаналар зўравонлик қурбонларини ҳам жисмоний, ҳам психологик жиҳатдан сақлашга хизмат қилади.

 

ШЕЛТЕРЛАР

Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 97 та шелтер мавжуд. Улар зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар ва болалар учун вақтинчалик бошпана ҳамда психологик ёрдам кўрсатувчи маскан вазифасини бажармоқда. Бу ҳолатларнинг 90 фоизи оилавий зўравонлик ҳиссасига тўғри келади. 

Молиявий мустақил бўлган аёллар

Айтилганлардан шундай хулоса қилиш мумкин: эрига молиявий қарам аёл то бу муносабатдан чиққунига қадар кўплаб қийинчилик ва тўсиқларга учрайди. Жаҳон жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг маълумотларига қараганда, аёлларнинг шахсий даромадлари уларга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш эҳтимолининг камлиги билан боғлиқ эмас. Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, даромадлари оз миқдордаги ёки умуман бўлмаган аёллар жисмоний тазйиққа кўпроқ учраши аниқланган.

Қизиғи шундаки, ўз мақоми ва касбини улуғловчи, унга нуфуз ва обрў билан таъриф берувчи аёллар оилавий зўравонликнинг жисмоний шаклларига камдан-кам дуч келишар экан. Уларнинг фикрига кўра, бу ҳолатда энг муҳим омил аёлнинг ўз-ўзини қадрлаш тажрибаси ва ўзига бўлган ҳурмат ва эътибордир. Айнан шу сифатлар аёлнинг ўз шахсий чегарасини яхшироқ ҳимоя қилиши ва шахсий эҳтиёжларини  амалга ошириш қобилиятини оширар экан. 

АНОР

Тазйиқ. Зўравонлик.  Шу ўринда бир савол мени қийнаб келади: ўзи ўзбек аёллари қачондир эркин ва мустақил, эри ва яқинларидан калтак емаган замонлар бўлганми?  ХIХ асрда яшаб ижод қилган маърифатпарвар шоира Увайсийнинг “Анор” номли чистони ўша давр хотин-қизлари ҳаётининг гўзал ифодаси бўла олади.

У на гумбаздир, эшик-у туйнугидин йўқ нишон,

Неча гулгун, пок қизлар манзил айлабдир, макон?

Синдириб гумбазни, қизлар ҳолидин олсам хабар,

Юзларида парда тортиғлиқ турарлар, бағри қон!

Увайсий замонига қадар ҳам “пардалар ортида, бағри қонларга тўлмиш” аёллар орадан бир аср ўтса ҳам ўзгармади. Яъни улар эндиликда озодликка эришган ва мустақил ҳаёт қурган бўлсалар-да, “юзларини яширмиш пардалар эндиликда уларнинг қон бўлган бағирларини яшириш учун” хизматга кирди. Гарчи ижтимоий мақоми ўзгарган бўлса-да, аёлларнинг руҳлари ва кўнгиллари ўша-ўша тобелик мавқеида қолди. Чунки бу иллатдан уларни ўзларидан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди!

 

 

ХУЛОСА

Нафақат Ўзбекистон, шунингдек, дунёнинг бошқа ривожланаётган мамлакатларида ҳам оиладаги зўравонликни бошдан кечираётган одамлар учун тизимли ёрдам йўлга қўйилмаган ва у ҳақдаги маълумотлар етарлича тарқатилмайди. Кўпинча одамлар зўравонлик муносабатида эканини англаб етмайди ёки ёрдам олиш учун қаерга мурожаат қилишини ҳам билмайди. Билганлари ҳам бу ҳақда бошқаларга сўзлаб беришни уят санайди, оиласига нисбатан ҳурматсизлик деб билади ёки бўлмаса, шунчаки эридан қўрқади, “оилам бузилиб кетса, нима қиламан?” деган ўйга боради.

Аслида, аёлларнинг молиявий жиҳатдан кимгадир қарамлиги ёки қарам эмаслиги унинг уй зўравонлиги қурбонига айланиш шаклини ўзгартира олмайди, албатта. Яъни аёл молиявий жиҳатдан мустақил бўлса ҳам, уй ёки бошқа турли зўравонликлар қурбони бўлиши мумкин. Аёллар ҳар икки ҳолатда ҳам ўзига бўлган ишончни махкам тутиши, иродали, кучли бўлиши керак. Шундагина у нафақат ўзи, шунингдек, у каби зўравонлик қурбони бўлмаса-да, зўрлик қандай бўлишига истар-истамас гувоҳ бўлиб қолган фарзандларини ҳимоя қила олади. Ўз тимсолида фарзандлари учун “кучли инсон” қиёфасини ярата олади. Ўша онда бу жиҳат фарзандлар келажаги учун, уларнинг қандай инсон бўлиб етишишлари учун жуда зарур. Руҳан кучли аёл молиявий кучли аёл бўлишдан кўра муҳимроқ. Ўзингизни қўлга олинг, токи сизнинг кўзларингиздаги куч, шижоат ва иродани кўрган эркак сизга қўл кўтаришга журъат этмасин. Этолмасин.

Сабоҳат Раҳмон

скачать dle 12.0


Flag Counter