Навоийнинг Гули исмли севгилиси бўлганми?

Навоийнинг Гули исмли севгилиси бўлганми?

Ўзбек тили ва адабиётига тамал тошини қўйган алломаларимиздан бири ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳақида хўп ва кўп ёзилади. Унинг асарлари мунтазам ўрганилиб, янгидан янги қирралари кашф этилади. Навоийнинг асарларида англатилган маънолар ва умуман, унинг шахсий ҳаёт йўли борасида ҳам мунозаралар ҳеч қачон тинмайди.

AzonTV да “Фикрат” лойиҳаси доирасида ўтказилган ана шундай мунозаралардан бирига филология фанлари доктори, профессор Нусратилла Жумахўжаев таклиф этилди.

Нусратуллоҳ Жумахўжаев юртимизнинг таниқли навоийшуносларидан бўлиб, буюк шоиримиз ижодига бағишланган бир қанча китоблари билан ўқувчилар қалбига йўл топган.

Кўрсатув давомида, шунингдек, бундай мунозараларнинг доимий мавзуси - Алишер Навоийнинг оиласи масаласи ҳам кўтарилди. Мутафаккирнинг нега оила қурмагани борасида тахмин ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Чунки Навоийнинг назмий асарларида “Гули” деган сўз ўқувчини айрим тахминлар сари етаклаб кетади. Жумладан, Навоийнинг Гули деган муҳаббати бўлганми, агар бўлса нега уйланмаган, деган гумонлар туғилади.

Дарҳақиқат, бош вазир, бадавлат ва ҳурматли инсоннинг ўз мақсадига етиша олмаганига ишоний қийин. Эҳтимол Гули деган жорияси бўлгандир? Агар бўлса, жориясига атаб ғазал ёзган қанча шоирни биламиз? Навоийдек зот Гули деган қиз билан никоҳсиз севишиб, пинҳона учрашиб юради дейиш ҳам куракда турмайди, чунки.

Профессор Нусратуллоҳ Жумахўжаев бу борадаги ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, Гули - халқ оғзаки ижоди маҳсули, унинг илмий асоси йўқ, деган мулоҳазани билдирди:

Ҳаммага маълум, Навоий бутун ижодиёт фаолияти давомида муҳаббатни, ишқни куйлаган. Унда нега оила қурмаган? Навоийнинг севглиси қандай бўлган? Севгилиси бўлганми, деган саволлар ҳар бир мухлисни қизиқтиради. Масалан, Гули мавзусига тўхталсак, бу исм Навоийнинг севгилисининг исми сифатида машҳур бўлиб кетган. Бадиий фильмлар ва китоблар орқали оммага шу фикр сингдириб юборилган. Ҳатто Ойбекнинг “Навоий ва Гули” деган қиссаси бор. “Навоий” романида ҳам Гули образи бор. Бу исм қаердан келиб чиқди ўзи? Бу қанчалик тарихий асосга эга? Бу масалалар ўқувчиларни чалкаштираётгани боис ойдинлаштириш керак бўлади.

Бир куни Youtube ижтимоий тармоғи орқали бир имом-хатиб жанобларининг суҳбатларини кўриб қолдим. Шу ёш йигит “Навоий фақат пайғамбар ва Аллоҳни севган” деб айтди. Яъни Навоий инсон зотини севмаган экан. Гули образини навоийшунос адабиётшунослар тўқиб чиқарган, деб, буни миллатга ва адабиётга хиёнат, деб баҳоладилар
.

Эртаси куни у кишининг телефон рақамларини топиб, тушунтириб айтдим, бу адабиётшунос ва навоийшуносларнинг айби эмас. Бу бадиий образ. Бадиий асарга киритилган образ.

Навоийшунослар илмий асарларида бундай деб ёзмаганлар, деб тушунтирдим.

Менинг фикрим шуки, Гули образи халқ оғзаки ижодидан келиб чиққан. Гули сўзи Навоий асарларида кўп учрагани боис оддий одамлар шундан тахмин қилиб, Навоий ва Гули деган қиз ўртасидаги севги афсонасини тўқиб чиқаришган. Лекин Гули исмли тарихий шахс бўлмаган. У ҳақда тарихий маълумот йўқ. Лекин Навоий бир қизни севганлиги аниқ факт.

Ҳа, Навоий ҳаётида аёл киши бўлган. 3-4 йил олдин “Ўзбеккино” Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратди. Бу фильм кенг тарғиб этилди. Телеэфир орқали ҳам намойиш этилди. Унда уч профессор икки хил фикрни билдирди. Биринчи фикр – Навоий фақат Аллоҳ ва унинг пайғамбарини севган. Иккинчи фикр – Навоий Аллоҳга ишқини тараннум қилган, лекин бир аёлни ҳам севган. Шунингдек, тарихий асарларда ҳам Навоий бир қизни севгани, лекин негадир унга уйланмагани келтирилади.

Менимча шу иккинчи фикрда жон бор. Гарчи тарихчи Хондамир Навоийнинг дунёвий муҳаббати ҳақида гапирмаган бўлсада, Навоий ижодида бунга далиларни кўриш мумкин. Масалан Навоий бир ғазалида айтади:

Айламанг бекаслигимни тан, бир кун бор эди,
Менда ҳам бир нозанин чобуксувор, эй дўстлар.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларга асосланиб айтиш мумкинки, Навоий баъзи ғазалларида Аллоҳга муҳаббатни назарда тутсада, инсоний севгини ҳам куйлаган, дейди филология фанлари доктори, профессор Нусратилла Жумахўжаев.