Сунъий уруғлантириш-чорва молларининг наслини яхшилаш гаровидир

Сунъий уруғлантириш-чорва молларининг наслини яхшилаш гаровидир

Мамлакатимизда чорвачиликда наслчилик ишлари Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик” ҳамда “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ташкил қилинади ва тартибга солинади. Шу билан биргаликда соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган Президент ва ҳукумат қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги Низом ҳам наслчилик хўжаликлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Бу борада "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан бир қатор назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Биргина Зарбдор туманида бугунги кунда чорвачилик йўналишида жами 94 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолият кўрсатиб, шундан, наслчилик тоифасидаги хўжалик юритувчи субъектлар 4 тани ташкил этади. Наслчилик тоифасидаги фермер хўжаликларида жами 920 бош йирик шохли моллар парваришланаётган бўлиб, шундан 574 бош сигирлардир.

Мазкур хўжаликларда бирламчи зоотехникавий ҳужжатларни юритиш, сигирлар салмоғини кўпайтириш, ёш молларни зоотехникавий талабларга мувофиқ ўстириш, тирик вазнини 350-450 килограммга етказиш, сигирларни сут маҳсулдорлигини 30-40 фоизга ошириш, баланслаштирилган рационлар асосида тўғри озиқлантирилиб борилиши устидан доимий назорат тадбирлари ўтказилиб борилмоқда.

-Ҳудудда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда жами 6400 бош йирик шохли моллар парваришланаётган бўлиб, шундан 3800 бош сигирларни ташкил қилади, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Зарбдор туман бўлими катта инспектори Ёрқинбек Эргашев.- Ушбу сигирларни сунъий уруғлантириш учун 3 минг 583 доза музлатилган наслли буқа уруғи келтирилган бўлиб, олинган уруғ бўйича 2 минг 300 бош урғочи моллар сунъий уруғлантирилган.

Инспекция органи томонидан жорий йил давомида 138 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 5 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатларининг олдини олиш ва қайта йўл қўймаслик учун 135 та огоҳлантирув хатлари берилиб, аниқланган қонунбузилишлари юзасидан 2 ёзма кўрсатма ва 3 тақдимнома киритилган.

Ана энди сунъий уруғлантиришнинг афзалликларига тўҳталиб ўтадиган бўлсак, мутахассисларнинг таъкидлашларича, табиий йўл билан бир бош буқа йил давомида 50-70 бош сигирларни уруғлантириши мумкин ва олинган авлодларининг жинси  шартли равишда 50:50 нисбатда бўлади.

Иккинчидан, сунъий уруғлантириш учун бир бош наслли буқадан ҳаёти давомида 100 000 доза уруғ олинади, бундан 40 000 бузоқ олиши мумкин. Улардан 20 000 боши яъни, (50%) урғочи бўлса, сигир бўлганлари эса кейинчалик подани тўлдиришга асос яратади.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати