Терроризмни молиялаштиришга оид жиноятлар очиқланди

Терроризмни молиялаштиришга оид жиноятлар очиқланди

2016 — 2020 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида судлар томонидан кўрилган терроризмни молиялаштиришга оид ишлар умумлаштирилган.

Аниқроқ айтганда, шу давр мобайнида кўрилган ишлар бўйича жами 62 нафар шахс судланган бўлиб, уларнинг 18 нафари ёки 29 фоизи 18 ёшдан 30 ёшгача, 43 нафари ёки 69,4 фоизи 31 ёшдан 60 ёшгача, 1 нафари ёки 1,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги шахслардир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда айтилишича, ушбу тоифадаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, судланганларнинг 2 нафари ёки 3,2 фоизи аёллар ҳисобланади, судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисобрақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган.

Терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслар ҳисобланиб, жами 62 нафар шахснинг 43 нафари ёки 69,4 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида содир этган.

Суд амалиётида экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан квалификация қилинади.

2016 — 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида мазкур тоифадаги жиноятларни содир этганлиги учун жами 9 нафар шахс судланган бўлиб, 5 нафари ёки 55,6 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача, 4 нафари ёки 44,4 фоизини 31 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар ташкил этган.

Эътиборли жиҳати, судланганларнинг асосий қисми, яъни 8 нафари ёки 88,9 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида туриб содир этишган. Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари суд амалиётида ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўришда ягона амалиётни шакллантириш юзасидан айрим масалалар бўйича тушунтириш бериш лозимлигини кўрсатди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланиши, мамлакатимизда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида изчил ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Мазкур тоифадаги жиноий қилмишлар домига ёшлар тушиб қолаётганлиги ғоятда ташвишланарли экани айтиб ўтилди.

Шу муносабат билан, «Терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарорини қабул қилиш зарурати туғилгани таъкидланди.

Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўриш бўйича суд амалиётини умумлаштиришдан ташқари Жиноят кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, 2018 йил 30 июлдаги «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек мазкур масалалар билан боғлиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари ўрганиб чиқилди.

Ушбу Пленум қарорида терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борасида тушунтиришлар берилди.