Исроилга ҳужумни ташкиллаштирган ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Дейф ҳақида нималар маълум?

Улашиш:

ҲАМАС ҳаракатининг 7 октябр куни Исроилга қилган ва юзлаб кишилар вафотига сабаб бўлган ҳужуми ташкилотчиси ва илҳомчиси — ташкилотнинг жанговар қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф экани айтилмоқда. Исроил бу одам учун 1990-йиллар ўрталаридаёқ ов бошлаган; унга бир неча бор суиқасд уюштирилгани маълум, сўнггиси 2021 йилдаги 11 кунлик уруш вақтида амалга оширилган. «Медуза» Муҳаммад Дейф ҳақида маълумотлар тўплади.

Муҳаммад Дейф ҲАМАС тузилган илк йиллардан (1987 йил) бери унинг сафида бўлгани айтилади. Ўшанда у 20 ёшдан энди ўтганди — Дейф 1965 йилда Хан-Юнис шаҳридаги қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масрий. Financial Times нашри ёзишича, Дейфнинг отаси ва амакиси ўз вақтида айнан 7 октябр куни ҳужум амалга оширилган ҳудудларда исроилликларга қарши ўтказилган рейдларда қатнашган.

Дейфнинг лақаби араб тилида «меҳмон» маъносини беради — у бу лақабни Исроил махсус хизматларидан яшириниш учун мунтазам равишда тунаш жойини ўзгартириб бориши туфайли олган.

The Washington Post нашри 2014 йилда берган маълумотга кўра, Дейф ўсмирлик чоғидаёқ «Мусулмон биродарлар» ҳаракати (ҲАМАС ушбу ташкилотнинг Фаластиндаги қаноти сифатида ташкил топган) аъзолари билан танишган. 1980-йилларда у Ғазо Ислом университетида ўқиган; ўшанда у, газетанинг ёзишича, «Қайтиш» театр труппасига (унинг номи — фаластинлик қочқинларнинг ўзлари тарк этган ерларга қайтиш истагига ишорадир) асос солган. Биринчи интифада вақтида ҲАМАСга қўшилганидан сўнг у актёрлик маҳоратидан фойдаланиб, пропаганда роликларида кичик роллар ижро этгани айтилади. 1990 йилда у Исроил ҳукумати томонидан қўлга олинади, аммо кейинроқ қўйиб юборилади.

The Washington Post нашри ёзишича, у «ўз сабр-тоқати ва қуролни яхши тушуниши туфайли ҲАМАС аъзолари орасида тезда танилиб кетади». У портловчи қурилмалар тайёрлашга ихтисослашган ва 1990-йиллар ўрталарида исроилликлар кетаётган автобусларга худкуш террорчиларнинг давомли ҳужумлари учун масъул бўлган «Инженер» лақабли террорчи Яҳё Айяшга шогирд бўлади. 1996 йилда Айяш ўлдирилади; шундан кейин террорчилик кампанияларига айнан Дейф бошчилик қилади.

Financial Times суҳбатдошининг сўзларига кўра, Муҳаммад Дейф «доимо ҳарбий [карьера] йўлига эътибор қаратиб», Фаластиннинг турли фракциялари ўртасидаги курашларга қизиқмаган ва фақат «куч ишлатиш орқали араб-исроил можаросининг табиатини қандай ўзгартириш» ҳақида ўйлаган. 2000-йиллар бошидаги баёнотларидан бирида у тарафдорларини «Исроилликларга қарши Исроилнинг ўзида курашиш» ва «уларнинг оккупация қилинган ерларда хавфсиз яшаш тўғрисидаги фантазияларини йўққа чиқариш»га чақирган.

«Меҳмон» ҲАМАС Исроил томонга «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ҳаддан ташқари юклама остида қолдириш учун минглаб миқдорда отадиган қўлбола «Қассам» ракеталарининг ҳам ижодкори саналади. У шунингдек ҳаракат аъзолари Исроил махсус хизматларидан яшириниш учун фойдаланадиган ерости туннеллари тизимини қурдирган.

  • Исроил Муҳаммад Дейфни 1990-йилларидаёқ қидирувга берган;
  • ОАВда унинг фақат бир неча фотосурати мавжуд ва улар ҳам бир неча ўн йил олдин олинган. 2001 йилдан буён камида етти бор уни ўлдириш учун уриниш амалга оширилган. Бу суиқасдлар тафсилотлари турли нашрларда турлича келтирилган; 
  • The Times of Israel нашрига кўра, 2002 йилда у суиқасд оқибатида кўзидан айрилган;
  • 2006 йилда — икки оёғи ва қўлидан.

2014 йилда Дейфга қарши қаратилган авиазарба оқибатида рафиқаси, уч ёшли қизи ва чақалоқ ўғли ҳалок бўлган. ҲАМАС жанговар қаноти етакчисини ўлдиришга бўлган сўнгги икки уриниш 2021 йилги 11 кунлик уруш вақтида амалга оширилган: кампания охирида Исроил мудофаа армияси бу суиқасдлар ҳақидаги маълумотни «Ўйлайманки, у аллақачон хабардор» деган сўзлар билан тасдиқлашга мажбур бўлганди.

 

Камдан кам ҳолларда омма олдида чиқиш қиладиган Муҳаммад Дейф 7 октябр куни куни 10-дақиқалик мурожаатида исроилликлар Қуддуснинг Маъбад тоғидаги Ал-Ақсо масжидини таҳқирлашига ҳам жавобан «Ал-Ақсо тўфони» амалиёти бошланаётганини эълон қилди. У фаластинликларни, Исроилдаги арабларни ва қўшни мамлакатлардаги бошқа арабларни Исроилнинг ҳаракатларига қарши бирлашиб, «оккупантларни қувиб юбориш ва деворларни бузиш»га чақирганди.

Financial Times нашри ёзишича, Дейф ҲАМАС «Исроилнинг фаластинликларга қарши жиноятларига барҳам беришга қарор қилгани» ва «душманга у ўз ҳужумлари жавобсиз қолмаслигини кўрсатиб қўйиши»ни айтган. Газетанинг Исроил ҳукуматидаги манбасига кўра, Дейф ҲАМАС Ғазо сектори қамали тугатилиши ва минтақа аҳолисига ишлаш учун рухсат берилиши эвазига Исроил билан тинчлик сулҳи тузишига кескин қарши ҳисобланади. Нашр манбасига кўра, 7 октябр куни бошланган ҳужумдан бундай келишувлар ҳақида гапиришдан мантиқ қолмади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.