Савол борми? Жавоб берамиз!

Савол борми? Жавоб берамиз!

Ғаллаорол туман ФҲДЁ инспектори Шахноза Мамирова фуқаролардан тушган саволларга жавоб берди.

Савол: Никоҳдан ажралиш тартиби юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берсангиз?

Жавоб: Оила кодексига вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, уларнинг аризасига кўра никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратилади. 

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли. 

Шунингдек, мазкур кодексга кўра эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратиш агар эр-хотиндан бири: 

суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса; 

суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса; 

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади. 

Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади. 

Шунингдек, эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда никоҳдан ажралишда ариза берувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига берган аризаларида ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлигини тасдиқлашлари шарт. Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ариза берилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгач қайд этилади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

 

Савол: Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви билан боғлиқ маълумотнома олиш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтириш беринг?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сон қарори билан “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти” тасдиқланган бўлиб унга кўра жисмоний шахсларга туман (шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари, никоҳ уйлари ва ФҲДЁ архивларидан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари ҳақидаги маълумотномаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартиби белгиланган. 

Регламентга кўра, ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси билан мурожаат этади. Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. 

Хизматни кўрсатиш муддати ҳудудий ФҲДЁ архивларига сўровнома тушган кундан бошлаб 3 иш кунини ташкил этади. 

Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхатида давлат хизматини навбатсиз кўрсатиш пуллик хизмати назарда тутилган бўлиб, мазкур хизмат учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг Тошкент шаҳрида 60, вилоятларнинг маъмурий марказларида 45 ва республиканинг бошқа ҳудудларда 30 фоизини ташкил этади. 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати


Коммент қолдириш:


Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив