Ажрим масалалари қандай кўриб чиқилади?

Улашиш:

Инсон табиатан жамоатчиликда яшашга мойил қилиб яратилган. Инсон зоти бу дунёда яшар экан, унинг ўзига ўхшаш инсонлар билан алоқа қилишга эҳтиёжи бўлади. Барча инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқасидир. Барча инсоний алоқалар ўз-ўзидан ўрнатилиб ва юритилиб кетаверса ҳам, никоҳ алоқаси алоҳида эътиборга сазовордир.

Никоҳ тузиш ва уни тугатиш тартиблари эса қонунчилигимизда алоҳида кўрсатиб ўтилган. Барчамизга маълумки никоҳ фуқаролар яшаб турган ҳудуддаги ФҲДЁ органида қайд этилади. Никоҳнинг тугатилиш тартиби эса қандай?

Амалдаги оила қонунчилигига биноан никоҳдан ажратишнинг икки тартиби мавжуд: суд тартиби бўйича ва қонун ҳужжатларда кўрсатилган асосларда ҳамда фуқаролик холати далолатномалари ёзиш органларида.

Никоҳдан ажралиш тўғрисидаги даъво эр-хотин яшаб турган жойдаги туман (шаҳар) судида қўзғатилади. Агар эр-хотин бошқа-бошқа жойда яшаса, даъво жавобгар эр ёки хотин турган жойдаги судида қўзғатилади, агар уларнинг турар жойи номаълум бўлса, никоҳдан ажралиш тўғрисидаги ариза жавобгарнинг оҳирги яшаб турган жойидаги судга топширилади.

Вояга етмаган болалари бўлмаган (фарзандсиз) эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози  бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида ҳам никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган  эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

1.Эр ёки хотиннинг бирининг вафот этиши ва улардан бирининг вафот этган деб эълон килиниши.

2.Суд томонидан эр-хотиннинг бири бедарак йўқолган деб топилган бўлса.

3.Суд томонидан руҳияти   бузилиши (руҳий касаллиги  ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.

4.Содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъий назар, эр-хотиннинг бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Ўзаро розилик асосида ФҲДЁ да никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома олиш

Давлат божи

150%

334 500 сўм

Давлат божи

 (чет эллик фуқаролар учун)

400%

892 000 сўм

Герб йиғими

(эр-хотинга алоҳида-алоҳида)

15%

33 450 сўм

Далолатнома ёзувларини расмийлаштириш билан боғлиқ аризаларни тўлдиришда ёрдам бериш

2%

4 460 сўм

Далолатнома ёзувларини расмийлаштириш ва уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ ҳуқуқий тушунтириш берганлик учун

10%

22 300 сўм

 

Роҳатой Норқулова – Мирзачўл туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.