2020 йилда ўзбекистонликлар автомобиллари учун 25 миллион долларга “чиройли” рақамлар сотиб олишган

2020 йилда ўзбекистонликлар автомобиллари учун 25 миллион долларга “чиройли” рақамлар сотиб олишган

Йил бошидан Ўзбекистонда онлайн-аукционлар орқали 262,6 млрд сўмлик (тахминан 25 миллион доллар) 106 мингдан зиёд авторақамлар сотилган. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 маротабага, ҳажми бўйича – 71,2% га ўсган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржасига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда. 

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3% жисмоний шахслар, 7,7% - юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206,7 млн сўмни ташкил қилган экан.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 30% биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5% – иккинчи, 19,3% – учинчи, 5,9% – тўртинчи,  5,4% –бешинчи ва 5,9% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2%) Фарғона (8,2%), Самарқанд (8,1%) ва Наманган (6,0%) вилоятларида харид қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги 350-сонли қарори билан жорий йилда аукцион савдолари орқали қўшимча 271 та жуфт авторақамлар ҳам сотилиши белгиланган. Мазкур қарор кучга кириши билан жорий йилда онлайн-аукционлар орқали ҳар ойда сотиладиган авторақамларнинг ўртача сони 2 700 дан 14 000 гача ошган. 

Аукцион иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилда “Avtoraqam” мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилган. Иловага савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш янги функциялари қўшилганлиги эътиборга лойиқ.

Эслатиб ўтамизки, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.