Самарқанд вилоятига тегишли яна бир авторақам онлайн аукционда 250 миллион 875 минг сўмга сотилди

Улашиш:

6 январ куни авторақамлар онлайн-аукционида Самарқанд вилоятига тегишли авторақамлардан бири 250 млн 875 минг сўмга сотилди.

Чиройли авторақамлар онлайн-аукциони ўтказиладиган avtoraqam.uzex.uz сайтида бугун Самарқанд вилоятига тегишли 30 O 010 OO авторақами 250 миллион 875 минг сўмга сотилди. Мазкур авторақамга 66 миллион 900 минг сўм бошланғич нарх белгиланган эди. Харидорлар унинг нархини 4 баробар ошириб юборишди. Уни сотиб олган харидор воситачилик йиғими учун қарийб 10 миллион сўм тўлайди.

Бундан икки кун аввал, 4 январ куни ўтказилган савдолардан бирида Самарқанд вилоятига тегишли бўлган 30 Z 777 ZZ авторақами рекорд нархда сотилган эди. Ўша куни харидорлардан бири мазкур авторақамни 596 миллион 525 минг сўмга сотиб олди. Қайд этилишича, мазкур авторақамнинг бошланғич нархи 111 миллион 500 минг сўм бўлган. Савдо жараёнида харидорлар томонидан унинг нархи 100 мартадан ошиқроқ кўтарилган. Мазкур савдода қайд этилган нарх мамлакатимизда савдога чиқарилган авторақамлар орасида қайд этилган аввалги рекордни янгилади.

Авторақамларнинг илк онлайн-аукциони 2017 йил 14 сентябр куни ўтказилган ва ўшанда соат 15:24 да Жиззах вилоятида яшовчи шахс 7.563.637,5 сўм (ўша пайтдаги курсда 934 доллар бўлган) га 25 E 070 EA рақамини харид қилган.

Кейинчалик харидорлар авторақамларни анча баланд нархларда сотиб ола бошлашди. 4 январгача онлайн-аукционда сотилган энг қиммат рақам — 30 777 ААА ҳисобланар эди. 2017 йилнинг 1 ноябр куни Самарқандда истиқомат қилувчи тадбиркор уни 287 миллион сўмга (ўша пайтдаги курс бўйича 35.500 доллар бўлган) сотиб олган. Ўшанда мазкур авторақамнинг бошланғич баҳоси 14.977.500 сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 1 873 доллар бўлган) эди ва аукцион савдо жараёнларида нарх 20 баробарга ўсган.

Бугун 250 миллион 875 минг сўмга сотилган авторақам Ўзбекистонда сотилган авторақамлар орасида нарх борасида учинчи ўринни эгаллайди. Ундан юқори нархга баҳоланган иккита авторақам ҳам Самарқанд вилоятига тегишли ҳисобланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.