Қўриқхоналардаги фотоқопқонларга тушган айиқ, тўнғиз ва шоқол тасвирлари эълон қилинди

Қўриқхоналардаги фотоқопқонларга тушган айиқ, тўнғиз ва шоқол тасвирлари эълон қилинди

Давлат экология қўмитаси Зомин ва Қизилқум қўриқхоналаридаги фотоқопқонларга тушиб қолган айиқ, тўнғиз ва шоқол тасвирларини намойиш қилди.

Зомин қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонларга қўнғир айиқ ва тўнғизлар тушиб қолди, деб хабар берди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, қўриқхона ходимлари томонидан денгиз сатҳидан 3500−3800 метр баландликда қўриқхонада яшайдиган ҳайвонларнинг яшаш тарзини кузатиш мақсадида 20 дона фотоқопқон ўрнатилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳайвонлар тунда фотоқопқонларга тушиб қолган.

Зомин давлат тоғ-арча қўриқхонаси Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида жойлашган. Унинг майдони қарийб 27 минг гектарни ташкил қилади.

Agroturizm.uz лойиҳаси маълумотларига кўра, қўриқхонада балиқнинг 1 тури, амфибияларнинг 2 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 тури, қушларнинг 102 тури, сутэмизувчиларнинг 30 тури яшайди. Улардан қор қоплони, Северцов қўйи ва қора калхат халқаро Қизил китобга киритилган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қор қоплони, Тянь-Шань қўнғир айиғи, Туркистон силовсини, Северцов қўйи, қора гриф, қора лайлак, соқолли калхат, бургут, оқбошли калхат, пакана бургут, лочин ва қизилбошли лочин каби ҳайвонлар бор.

Давлат экология қўмитаси «Қизилқум» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга шоқол тушиб қолгани акс этган тасвирларини ҳам намойиш этди.

«Бу ҳайвонлар қўриқхона ҳудудида анча кенг тарқалган бўлиб, Амударё соҳиллари ва барча ички сув ҳавзалар бўйидаги тўқайзор, қамишзорлар ичида ҳам яшайди. Уларни кечқурунлари аҳоли яшайдиган ҳудудларга яқин жойлашган полиз, шоли ва бошқа экин майдонларида учратиш мумкин», — дейилади қўмита хабарида.

Қизилқум давлат қўриқхонаси Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳудудида жойлашган бўлиб, у Амударёнинг қирғоқбўйи қисмидаги 10,3 минг гектар майдонни ўз ичига олган. Қўриқхонада Бухоро буғуси, тўнғиз, шоқол, дашт бургути, қумлоқ ва қамишзор мушуги каби жами 35 га яқин сутемизувчилар тури яшайди.