Бахмал тумани ҳудудидаги қопқонга тушган айиқни қопқондан озод этиш ҳолати юзасидан олиб борилган қутқариш ишлари ижобий якунланди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳамда "FALCON HUNTING SOLUTION" МЧЖ ўртасида тузилган меморандумга асосан Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари иштирокидаги қутқарув гуруҳи аъзолари томонидан кўрилган тезкор чора- тадбирлар натижасида айиқ қопқондан озод этилди. Ҳозир айиқнинг аҳволи яхши, унинг шикастланган икки орқа оёқларига даво муолажалари қилинди. Давлат Экология қўмитаси ва Жиззах вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилмахиллик бўлими мутахассисларининг саъй- ҳаракатлари натижасида вазият ўнгланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари давом этмоқда.
Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонларимизнинг бундай ҳолга солинаётганлиги бу каби нохушликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун юртимиз аҳолисининг табиатга, ҳайвонларга бўлган муносабатини тарбиялаш лозимлигини кўрсатади. Зеро, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг турларини сақлаб қолиш ва асраб-авайлаш бугунги куннинг асосий талабларидан биридир!
Жиззах вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати.