Диққат “Жиззахликлар ҳамжамияти” фейсбук гуруҳида қаторасига 3 та фейк хабар тарқатилди

Улашиш:

Оҳирги вақтларда фейсбукдаги “Жиззахликлар ҳамжамияти” гуруҳини камроқ кузатишга тўғри келяпти. Лекин бугун эрталабдан гуруҳда бир нечта шубҳали маълумотларга кўзим тушди.

Келинг буларнинг фейк ёки ҳақиқат эканлигини текширамиз.

Мен эса ҳозирча бу 3 та хабар учун қуйидаги ҳукмни чиқардим.

ҲУКМ: ФЕЙК

Хўш буларнинг барчаси қандай бошланди

“Жиззахликлар ҳамжамияти” гуруҳи 2012 йилда блогер ва ўқитувчи Насим Садиков томонидан очилган. Ушбу гуруҳ асосан Жиззахда яшаган ҳозирда чет элда яшовчи инсонларнинг фикр алмашиши учун платформа вазифасини ўташи керак эди. Бироқ орадан вақт ўтиб бу вазифа ўзгарди ва асосан Жиззахга алоқадор ҳар қандай инсон учун маълумотлар базасига айланди.

Бир вақтлар ўзим ҳам ушбу гуруҳ админи сифатида фаолият юритганман. Айрим сабабларга кўра админликдан воз кечдим ва оддий фойдаланувчи сифатида кузатувчига айландим.

Бугун эрта тонгдан “Шароф” исмли фойдаланувчи томонидан

“Жиззахда янги олтин кони топилди

Геологик разведка ишлари давомида Жанубий Нурота тоғларининг шарқий тармоғидаги Маржонбулоқ қирларида янги олтин кони топилди.

Ғаллаорол туманида топилган янги коннинг олтин заҳираси 175 тонна экани тахмин қилинмоқда. Прогнозлар кондаги заҳира ҳажми яна 60-70 тоннага ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Янги кон давлат балансига олинган.”- мазмунида хабарга кўзим тушди. 

Диққат “Жиззахликлар ҳамжамияти” фейсбук гуруҳида қаторасига 3 та фейк хабар тарқатилди

Хабар янгилик тарзида жойланган бўлиб, бир қарашда одамда шубҳа уйғотмайди. Фотосурати ҳам эътиборни тортадиган даражада. Ушбу хабар остига кўпчилик қатори икки оғиз изоҳ ҳам қолдирибман. ))) 

Ундан сўнг эса Джамшед Авезов исмли фойдаланувчи профилидан: 

“Яма”дан техник шикаст етказилган автомобил ҳайдовчиларига бадал пули берилади.

Ўзбекистон Автомобил йўллари Бош Бошқармаси маълум қилишича, шахсий автотранспорт воситалари давлат аҳамиятидаги умумфойдаланувдаги автомобиллар йўллардан фойдаланиш давомида жисмоний ва юридик шахслар автомобилларининг техник ҳолатига шикаст етказилса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан бадал (компенсация) пули тўлаб берилади.

Мазмунидаги хабар жойланди.

Бу хабарнинг ўзи бошланишидан фейк эканлиги ақл заковати жойида бўлган ҳар қандай инсонни шубҳаланишига сабаб бўлади. Хабарда келтирилган “Ўзбекистон Автомобиль йўллари Бош Бошқармаси” деган ташкилотнинг номиданоқ хабарда англашилмовчилик борлиги кўрилади. Қидирув тизимларида ҳам изланганда бундай ташкилот йўқ эканлиги маълум бўлади.

Хабарларни жойлаган муаллифларнинг профиллари ҳам яқинда очилган ва улар ҳақида етарлича маълумотлар мавжуд эмас. Қолаверса иккала хабарда ҳам расмий маълумотларга ҳавола келтирилмаган. 

“Шароф” ҳам “Джамшед Авезов” ҳам фейк профиль саналади. 

Яна битта фейк хабар эса гурух администратори Насим Садиков томонидан жойлаштирилган мана бу маълумот эса ҳаммасидан ошиб тушди. 

“Давлат экология қўмитаси Зомин қўриқхонасида Ҳиндистон ва Малайзия давлатларида яшайдиган қора қоплан тасвирларини эълон қилди.

Жиззах вилоятининг Зомин давлат тоғ-арча қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонларга Ҳиндистон ва Малайзия давлатларида яшаши аниқланган қора қоплон тасвирлари тушиб қолди деб хабар беради Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати. Ушбу қўриқхонада бўри, шоғол ва қўнғир айиқ ва бошқа Марказий Осиё давлатларида учрайдиган ҳайвонларнинг тасвирлари тушган ҳолатларни эълон қилган эди.

Хабарда айтишича, қўриқхона денгиз сатҳидан 3500-3800 метр баландликда жойлашган бўлиб, ҳайвонларнинг яшаш тарзини кузатиш мақсадида 20 дона фотоқопқон ўрнатилган. Зомин давлат тоғ-арча қўриқхонаси Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида жойлашган. Унинг майдони қарийб 27 минг гектарни ташкил қилади.” 

Энди ўйлаб кўринг, бизда “ДАВЛАТ ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ” деган ташкилот борми? Ёки Зомин қўриқхонасида Ҳиндистон ва Малайзиядан эмас айнан “давлатларида яшайдиган” қора қоплон тасвирлари эълон қилинган, - жумласига таянадиган бўлинса қора қоплон мамлакатдаги ўрмонда яшайдими ёки давлатдами? 

Айни пайтда Ўзбекистонда олиб борилган маъмурий ислоҳотлар натижасида давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси эса "Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги" сифатида ташкил этилди. 

Тўғри Зомин давлат қўриқхонасида фотоқопқонлар бор. Улар бўри, айиқ, силовсин каби ҳайвонларнинг фото ва видеоларини муҳрлаган ва матбуот хизмати томонидан бу ҳақда маълумотлар тарқатилган эди. Афсуски мақолага илова қилинган фотосурат интернетдаги қайсидир сайтлардан юклаб олиниб жойлаштириб юборилган. 

Энди битта гап, тропик иқлимда яшайдиган жонивор бизнинг мўътадил иқлимга мослашиб яшаб кетиши мумкинми? 

Аслида ҳаммаси "Менинг юртим" телеканалидаги "Эфирда Тўрахонов" номли кўрсатувдан бошланган. Ўша кўрсатувда табиат ресурслари вакили Ҳисор тоғларида яшовчи "Қор қоплони" ҳақида маълумот берган. Айрим "учар"лар эса унга битта "А" ҳарфини қўшиш билан "Қора қоплон"га айлантириб юборган бўлиши мумкин. 

Хулоса: Ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин расмий ахборот манбаларидан маълумот изланг. Шундагина фейк ва ёлғон хабарларга алданиб қолмайсиз. Канал админларига эса ҳар қандай постни модератор текширувисиз ўткмасликни тавсия қиламиз. 

Ҳакимжон Фозилов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.