“COVID-19” га қарши эмлаш: “Афсона ва ҳақиқат” Жиззахда шу мавзусида очиқ давра суҳбати ўтказилди

“COVID-19” га қарши эмлаш: “Афсона ва ҳақиқат” Жиззахда шу мавзусида очиқ давра суҳбати ўтказилди

Юртимиз ҳудудлари бўйлаб коронавирус инфекциясига қарши кенг миқёсда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, аҳолини ушбу хавфдан ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб дори-дармон воситалари, аниқроғи вакциналар хориж мамлакатларидан келтирилаяпти.

Аммо шундай бир шароитда вакцинация жараёни кўнгилдагидек эмас гўё. Турли ижтимоий тармоқларда инфексияга қарши эмлаш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлиги бўйича асоссиз хабарларнинг тарқалаётгани бунинг асосий сабабларидан бири сифатида келтириб ўтишимиз мумкин.

Бундай шароитда аҳоли ўртасида тўғри тарғибот ишларини йўлга қўйиш масаланинг муҳим ечимидир.

COVID-19” га қарши вакциналар қанчалик самарали? Вакциналарни аҳолига мажбурий тарзда қабул қилиш тартибини жорий қилиш тўғрими? “COVID-19” га қарши вакцина олиш тартиби нега 2 ёки 3 босқичли деб тан олинди? Вакцина олмасдан “COVID-19” га қарши курашиш мумкинми?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган очиқ мулоқотда ушбу саволларга жавоб берилди. Тадбирда  пандемияга қарши олиб борилаётган ишлар, аҳолини вакцина билан эмлаш жараёнлари ва ҳолати, аҳолининг вакцинага бўлган муносабати ҳамда мамлакатимизда аҳоли саломатлиги учун вакцинанинг аҳамиятини тушунтириш таҳлилий муҳокама этилди.

“COVID-19” га қарши эмлаш: “Афсона ва ҳақиқат” мавзусида уюштирилган давра суҳбатида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ДСЭНМ масъул ходимлари, депутатлар, фаоллар, ННТ лар ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, журналист ҳамда блогерлар иштирок этишди.

Мулоқот аввалида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сапаров тадбир нега айнан шундай номлангани, ҳудудларда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш, ижтимоий тармоқларда бу борадаги “афсона” ва ҳақиқатлар тўғрисида фикр билдирди. Шунингдек, мамлакатимизда инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, аҳолини “COVID-19” га қарши эмлаш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассисининг “COVID-19” га қарши эмлашнинг аҳамияти, “COVID-19” вакциналари ҳақидаги афсона ва фактлар бўйича тайёрлаб келган тақдимоти тингланди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, июль ойининг сўнгига қадар Жиззах вилоятида 350 мингга яқин фуқаролар эмланган. Мазкур тадбирлар 182 та пунктларда олиб борилаётган бўлиб, шундан 49 тасини мобил гуруҳлар ташкил этади.

— Ахборот асрида яшаяпмиз. Демакки, ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги масофа жуда яқинлашиб бормоқда — дейди тадбир иштирокчиларидан бири, блогер Насим Содиқов. —Айниқса, инсон соғлиги борасида гап кетганда ҳар қандай ўринсиз гап ҳам кишини шубҳага солади. Айнан ушбу шароитда жамиятимиз соғлом ахборотга муҳтожлик сезади. Демоқчи бўлганим, вакцинация масаласида, фуқароларнинг соғлигини ўйлаб қилинаётган бу каби ишлар бўйича тарғибот ишларини янада оширишимиз керак.     

Тадбирда сўз олганлар мавзу доирасида қўшимча фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Шунингдек, журналист ва блогерларнинг саволларига масъул ташкилот вакиллари томонидан тўлиқ ва асосли маълумотлар берилди.   

Албатта, очиқ мулоқотдан “COVID-19” га қарши эмлашни тарғиб қилишда ёшлар, жамоатчилик ва диний етакчиларни жалб қилиш, вакцинация бўйича мутахассис маслаҳатларини тақдим этиш, аҳолини қизиқтирган саволларига ва уларнинг асоссиз хавотирларига далилларга асосланган жавобларни тақдим этиш мақсад қилиб олинган.

Музаффар МАМАТҚУЛОВ,   

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах   

вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси. 

скачать dle 12.0


Flag Counter