Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Саломатлик
  3. Аскаридоз хавфли касаллик

Аскаридоз хавфли касаллик

Cана : 03-11-2018   /   Саломатлик, ОАВ, Жиззах шифокори   /   кўрилди: 85

 Гижжа касалликлари ер юзида энг кенг ва кўп тарқалган касалликлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда юқумли паразитар касалликлардан  гижжа касаллиги дунёда тарқалиши бўйича нафас йўллари касалликларидан кейин иккинчи ўринда туради. Жаҳон Cоғлиқни Cақлаш Ташкилотининг маълумотига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 23,3 фоизи ёки ҳар тўрт кишидан бири гельминтоз гижжалар билан касалланган.

Ҳозирги кунда дунё бўйича одам организмида паразит (текинхўр)лик қилиб яшайдиган гижжаларнинг 287 тури маълум. Жумладан, бизнинг республикамизда гижжа касалликлари билан ҳар йили 250000-300000 киши касалланади.

Гижжалар организмдаги тайёр озуқа моддаларни сўриб, текинхўрлик билан ҳаёт кечиради ва жуда кўп касалликларни келтириб чиқаради ва ҳатто ўлимга олиб бориши мумкин.

Аскаридоз касаллигини (Аscaris lumbricоides) йирик юмалоқ шаклдаги гижжа – аскарида келтириб чиқаради. Урғочисининг узунлиги 20- 45 см, эркаги 15- 25 см, йўғонлиги 6 мм.га етади. Одамнинг ингичка ичагида текинхўрлик билан ҳаёт кечиради. Аскарида танасининг орқа тугаш учлари ўткирлашган, оқ ёки пуштинамо рангли зич кутикула билан қопланган. Бош томонидаги учида микроскопик катталикдаги учта йирик лаби бор. Эркагининг дум қисми буралган бўлади. Бемор организмида биттадан тортиб, бир неча юзтагача аскарида бўлиши мумкин. Аскарида ичакда бир йилгача яшаши мумкин. Вояга етган урғочи аскарида 1 суткада 250000 тагача (йилига 90 миллионга яқин) тухум қўяди. Аскарида тухумлари механик ва кимёвий таъсирларга чидамли 5 қаватли оқсиллипидли қобиқдан иборат бўлиб, улар инсон организмида парчаланмай нажас билан ташқи муҳитга тушади. Тупроққа тушган аскарида тухумлари учун кислород, ҳаво ҳарорати ва намлик етарли бўлганда 15-20 кунда личинкага айланади. Тупроқда тухумлар бир неча кундан 12 йилгача яшовчанлигини сақлаб қолади. Аскаридоз билан касалланган беморлар нажаси зарарсизлантирилмай экинзор ва боғларга ўғит сифатида солинганда тупроққа аскарида тухумлари тарқалади. Шу тупроқда етиштирилган сабзавот ва полиз экинлари, меваларни ювмасдан истеъмол қилинганда, ҳовуз, ариқ, зовур, сой суви қайнатмасдан ичилганда аскаридоз юқиб қолади. Озиқ-овқат ёки ифлос қўл орқали ютилган аскарида тухумлари ичакка тушади ва улардан личинкалар чиқади. Ҳаракатчан личинкалар ичак деворларини тешиб, капилляр қон томирларига ўтади, вена қон томири орқали жигарга, ўпкага боради. Бу ерда фаол ҳаракатчан личинкалар капиллярларни йиртиб алвеолалар бўшлиғига кириб қолади. Мазкур органларда бир неча кундан тортиб, бир- икки ҳафтагача тургач, бронхларга,  трахеяга – томоққа кўтарилади. Одам йўталганда тупук, балғам ва сўлак орқали ошқозонга, кейин ичакка тушади. Ичакда личинка ривожланиб, 2-3 ойда вояга етган аскаридага айланади.

Аскаридалар ривожланишида миграция даври ва ичакда ривожланиш даври ажратилади. Миграция даври аскарида юққандан бошлаб, 5-15 кун давом этади. Личинкалар миграция даврида ичак, жигар ва ўпкани зарарлайди.

Ичакда ривожланиш даври 30 фоиз беморларда шикоятларсиз кечади. Қолганларда иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши, озиб кетиш, қоринда оғриқ, қайт қилиш, сўлак оқиши, бош оғриши, дармонсизлик, яхши ухлай олмаслик, қон камайиши, жиззакилик, иш қобилиятининг пасайиши кузатилади. Мактаб ўқувчилари дарсларни яхши ўзлаштира олмайдилар. Аскаридалар ичак тугилиб қолишига, ўт йўлларига тиқилиб қолиши, ошқозон ости безига кириши, баъзан ўрмалаб қизилўнгачга, ундан томоққа, сўнгра нафас йўлларига кириши ва тиқилиб, бемор бўғилиб ўлишига (асфексия) сабабчи бўлиши мумкин.

Миграцион шаклида балғамни ва ўпкани рентгенологик текшириш мумкин, лекин аниқ ташхис қўйиш қийин. Шунинг учун, кўпроқ ичак формасида ахлатни текшириш самаралироқ усул ҳисобланади. Лаборатор ташхис қўйишда Калантарян, Фюллерборн, Като ва Натив суртма методларини қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Дилмурод ЭШМАМАТОВ, Жиззахвилоят ДСЭНМ ташкилий услубий бўлими мудири.

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!