"Мутлақо кинога мос объект". Ўзбекистон жамоатчилиги Янгиободдаги ноёб бинонинг бузилишига қарши курашни давом эттирмоқда

Улашиш:

Пётр Ильич Чайковский номидаги мусиқа мактаби биноси Янгиободдаги энг гўзал бинолардан бири бўлиб, унинг олдида Ўзбекистонда ушбу буюк рус бастакорига ягона ёдгорлик ўрнатилган. Маданият вазирлиги ва бошқа идоралардан фарқли ўлароқ, жамоатчилик бузилиши керак бўлган бино учун курашни давом эттирмоқда.  

Икки ҳафтадан буён ижтимоий тармоқларда совет даври тарихига оид ноёб меъморий объектнинг бузилиши қизғин муҳокама қилинмоқда. Мусиқа мактаби 1940-1950 – йилларда СССР атом дастури доирасида пайдо бўлган, уран қазиб олувчи кончилар шаҳарчаси Янгиобод посёлкасининг марказида жойлашган.

Бугунги кунга қадар шаҳар асл шаклида сақланиб қолган, бетакрор харизмага эга, идеал сайёҳлик объекти ҳисобланади ва туризм тўғри ташкил этилган тақдирда, бу ерда бошқа объектларга қараганда кўпроқ пул ишлаш мумкин.

"1950-йиллардаги мусиқа мактаби мустаҳкам бино, мутлақо кинога мос объеки. Яқинда, 2021 йилда, аҳоли ва сайёҳлар Чайковский ёдгорлигини қайта тиклашга киришдилар ва реставратор Владимир Артемьев буюк бастакорнинг бармоқларини тиклади", – дейди экскурсиячи ва ўлкашунос Рустам Хусанов.

Фуқароларнинг сўзларига кўра, бу бинода шаҳар аҳолиси шаҳарни ривожлантириш маркази ва музей очмоқчи бўлиб, уни туристик дестинацияга айлантирмоқчи эди. Энди эса улар унинг ўрнида меҳмонхона қуришмоқчи.

“Чайковский номидаги мактабдан КАМАЗлар билан мебель, оригинал эшиклар, зинапоя ушлагичлари олиб чиқила бошланди. Ушбу бино Янгиободнинг энг қизиқарли турлокацияси бўлиб, у маданий мерос объектлари реестрига киритилган, аммо номаълум сабабларга кўра у рўйхатдан олиб ташланган ва шахсий қўлларга топширилган", - деб ёзади Янгиободлик гид Алёна Алекс.

Жамоат арбоби Ислом Капарзонинг хабарига жавобан Маданият вазирлиги матбуот хизмати қуйидагича жавоб берган:

"Сизга маълум қиламизки... "мусиқа мактаби" деб номланган ушбу бино бугунги кунда Ангрен шаҳар маданият бошқармаси балансида эмас. Илгари Ангрен шаҳар халқ таълими бошқармасига тегишли бўлган ушбу бино кўп йиллар давомида бўш турган ва фойдаланилмаган, шунинг учун 2015 йил 23 февралда у ҳокимлик балансига ўтказилди”.

Шунингдек, вазирлик ушбу бино Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган моддий маданий мерос объектларининг кўчмас мулк миллий рўйхатига киритилганлиги ёки критилмаганлиги тўғрисида маълумотга эга эмаслиги ҳақида блогерга маълум қилган.

Ўз навбатида, Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ҳам бинони бузиш билан боғлиқ вазият улар билан боғлиқ эмаслигини билдирган.

Мухбиримиз Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алибек Расулов билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ алоқа учун сайтда кўрсатилган учта телефоннинг ҳеч бири жавоб бермади.

Бу жой туристлар учун диққатга сазовор жой. Янгиободга ёки шаҳар номи билан аталган машҳур турбазага саёҳат қилган ҳар бир киши учун бу   ажойиб фотозона бўлиши тайин. Фақат бу ерда Чайковский бюсти ва Курамин тизмаси тоғлари билан ўралган чиройли бинодан ноёб завқни ҳис қилиш мумкин эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.