Интерпол Ўзбекистон фуқаросини Чехияда қўлга олди

Интерпол Ўзбекистон фуқаросини Чехияда қўлга олди

Ўзбекистон ва Чехия Интерпол ММБ ходимлари тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йил май ойи охирларида фирибгарлик жиноятини содир этган ва Интерпол йўналиши бўйича қидирувда бўлган 47 ёшли Ўзбекистон фуқароси Прага шаҳри ҳудудида экани аниқланиб, қўлга олинди.

Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси хабар қилишича, у Ўзбекистон фуқароларининг ишончига кириб, Чехияга жўнатиш ва автомобиль эҳтиёт қисмларини йиғишга ихтисослашган заводга ишга жойлашни ваъда қилган, бунинг учун улардан катта миқдордаги пул маблағларини олган, бироқ ваъдасини бажармаган. У ўз фирибгарлик қилмишларини якунига етказиб, мамлакатни тарк этган ва чет элда яширинган.

Шундан сўнг Жиззах вилояти ИИБдан олинган материалларга кўра, Ўзбекистон Интерпол ММБ ходимлари томонидан қўлга олиш ва экстрадиция қилиш мақсадида халқаро қидирув ташкилотига қизил хабарнома жўнатилган.

Бугунги кунда икки давлат Интерпол ММБ ходимларининг амалга оширган музокаралари ва ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувдаги шахс Чехия ҳудудида ушланган ҳамда қонуний чора кўрилиши учун Ўзбекистонга етказилган.