Интерпол йирик миқдорда фирибгарлик қилгани учун қидирувга берилган ўзбекистонликни Польшада ушлаган

Улашиш:

ИИВ хабар беришича, Интерпол йирик миқдорда фирибгарлик қилгани учун қидирувга берилган ўзбекистонликни Польшада ушлаган. 

"Март ойи бошида Варшавада асли келиб чиқиши самарқандлик бўлган 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси аниқланиб, қўлга олинди. У йирик миқдорда фирибгарлик қилгани учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган", - дея қайд этмоқда вазирлик.

Эркак Ўзбекистон фуқаролари ишончига кириб, уларга АҚШда иш топиш ва виза олишда ёрдам таклиф қилган. У одамлардан катта миқдорда пул олиб, ваъдасини   бажармаган. Бироз вақт ўтгач, у мамлакатни тарк этган.

Ўзбекистон Интерпол ходимлари уни ҳибсга олиш ва кейинчалик экстрадиция қилиш учун халқаро қидирувни ташкил этиш тўғрисида Қизил хабарнома эълон қилган.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ва Польша Интерпол ходимларининг музокаралари ва биргаликдаги тезкор ҳаракатлари туфайли қидирувда бўлган шахс қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. У яқин келажакда суд олдида жавоб беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.