Интерпол қандай ташкилот

Улашиш:

«ИНТЕРПОЛ» (interpol) — халқаро жиноий полиция ташкилотининг барча тиллар учун қисқартирилган умумий номи. 1923 йил Вена ш. (Австрия)да асос солинган. Ҳозирги номи манзилни қисқа қилиб ифодалаш тарзида биринчи марта 1947 йилда пайдо бўлган. 1949 йил БМТ унга расмий равишда халқаро ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилот мақомини берди. «Интерпол»нинг амалдаги устави 1956 йил 13 июнда кучга кирди. «Интерпол» жиноятчиларни рўйхатга олиш халқаро маркази сифатида иш кўради, шунингдек, жиноятчиларни (жиноятларда гумон қилинувчиларни; бедарак йўқолганларни; ўғирланган бойликларни) халқаро миқёсда қидириш ишларини мувофиқлаштиради. 185 давлат (1998 й.), шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси «Интерпол»нинг аъзосидир (1994 йилдан). Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида «Интерпол»нинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий марказий бюроси тузилган. «Интерпол»нинг олий органлари — бош ассамблея, унинг сессиялари ҳар йили чақириб турилади; ижрочи қўмита, унга «Интерпол» президенти бошчилик қилади; бош котибият, унга бош котиб раҳбарлик қилади. «Интерпол» 1946 йилдан «Халқаро жиноий полиция умумлаштирувчи маълумоти» журналини нашр этади. «Интерпол»нинг доимий қароргоҳи Франция қилиб белгиланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.