Эҳтиёт бўлинг интернет оламида фирибгарлик!
Ахборот коммуникация технологияларининг ривожланиши, рақамли иқтисодиёт жамиятимизнинг ажралмас қисмига айланиши, виртуал олам имкониятларининг кундан-кунга ошиб бориши натижасида улар ҳаётимизнинг чамбарчас бир бўлагига айланиб бормоқда. Интернетнинг вақт ва масофа танламаслиги, фойдаланувчилар сонининг мунтазам ошиб бориши, уйдан, иш жойидан чиқмасдан туриб ҳам яхшигина пул топиш имконини бермоқда.
Афсуски, мамлакатимизда шундай яратилган имкониятлардан ғаразли мақсадда фойдаланиш, белгиланган қонун-қоидаларни менсимаслик, ўзгалар хисобидан пул топишни ният қилган инсонлар ҳам учраб турибди. Улар турли хил баҳоналар билан ўзгалар ишончига кириб, ўз маҳсулотларини қисқа муддатда олиб бориб беришни ваъда қилиб, пулни олгач домдараксиз кетиши, йўқолиб қолиши ёки ўз аккаунтларини ўчириб ташлаш йўлини танламоқда.
Бугун Жиззах шаҳри, Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Мустафаева бизга қўнғироқ қилиб 2020 йилнинг 17 сентябр куни ўзини Нигора деб таништирган, 1991 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро интернет маркетинг орқали аёллар товари маҳсулотларини сотишини, ҳар бир маҳсулот нархи 80 минг сўм эканлиги, агар учта маҳсулотга бирдан буюртма бериб 240 минг ўтказса тўртинчи маҳсулот текинга берилишини маълум қилади.
Натижада жабрланувчи шу куннинг ўзида соат 16:05 да маҳсулот эгасига клик тизими орқали хизмат ҳақи билан биргаликда 242 400 сўм ўтказиб беради.
Юқоридагилардан кўринадики, ўзига фирибгарликни мақсад қилиб олган, шу йўл орқали пул топишда ҳеч нарсадан қайтмайдиган инсонлар оз бўлсада учраб турмоқда. Айниқса бугун интернет имкониятлари кенгайиб бораётган бир даврда бундай ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.
Ушбу мақолада номлари тилга олинган жабрланувчиларга ҳам юртимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тегишли тартибда ёрдам берилади, деб умид қиламиз.
Толибжон ЭРГАШЕВ