Президентлик сайлови қандай ўтди? (видео)

Улашиш:

Кеча, 9 июл куни мамлакатимизда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Эрта тонг – соат 08:00 да аҳоли президентликка номзодларга овоз беришни бошлади. 

Сайловлар демократик жамиятнинг асосий жиҳати бўлиб, фуқаролар ўз вакилларини танлаши, мамлакат тараққиёти йўналишини белгиловчи муҳим қарорлар қабул қилиш механизми бўлиб хизмат қилади. Ушбу масъулиятни эса кеча аҳолининг турли қатламлари ўз фуқаролик позициясига кўра намоён этди.

Xabar.uz Тошкент шаҳрида жойлашган 360, 518, 519-сайлов участкаларига бориб, жараёнларга гувоҳ бўлди ва бир нечта кузатувчилар фикри билан қизиқди.

– Ҳозирги вақтгача бир нечта сайлов участкаларига ташриф буюришга улгурдим. Сайлов жараёнлари пухта ташкил этилган ва рўйхатга олиш жараёнлари замонавий. Ғарб давлатлари билан солиштирсак-да, масалан, Европа стандартларига тўлиқ мос келади. Жараёнлар очиқ ва кузатув давомида ҳозирча муаммога дуч келганим йўқ, – деди биз билан суҳбатда Майес Петер Дермот (Буюк Британия, кузатувчи)

– Бугун илк бор Президент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этдим. Илгари бундай тажриба билан дуч келмаганман. Эрталаб турли сайлов участкаларида бўлдим ва аҳоли бундай кунни байрамона қарши олар экан. Яна бир эътибор берган жиҳатим шундаки, турли ёшдаги аҳоли қатлами сиёсий ҳаётда активликни сақлаб қолган экан. Ёш-у қарияларнинг ҳам ва ўрта ёшлиларнинг ҳам мамлакатнинг сиёсий ҳаётига бефарқ эмаслигига гувоҳ бўлдим.

Журналист сифатида маълумот олишда қийинчиликларга дуч келганим йўқ. Зеро, журналист учун статистик рақамлар билан ишлаш жуда муҳим. Бу борада эса маълумотларни оператив етказиш билан муаммо йўқ. Энг асосийси, матбуот анжуманларида муҳим масалалар бўйича доимий таништирув олиб борилаяпти ва масъул шахслар тадбир иштирокчиларида юзага келган саволларнинг барчасига тўлиқ жавоб беришмоқда, – деди Наргиз Мамедова (Report ахборот агентлиги, Озарбайжон)

– Турли давлатлардан ташриф буюрган 250 дан ортиқ кузтувчилар фаолияти билан бироз таништирмоқчиман, – деди ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш миссияси раҳбари Урсула Гачек интервю давомида. – Ҳозир сизлар билан Тошкент шаҳрининг 518-сайлов участкасидамиз, лекин таъкидламоқчиманки, кузатувчилар ҳаттоки Тахтакўпир каби чекка ҳудудларни ҳам кўздан кечиришга улгуришди. Биз илмий методология асосида кузатув ишларини амалга оширяпмиз. Унда деталлаштирилган саволлар мавжуд ва бу эса жараённи тўлиқ баҳолашга ёрдам беради. Биз қўллайдиган мана бу электрон ручкалар реал вақт тартибида маълумотларни узатиш имконини беради. Анкета тўлдирилган заҳоти статистикани шакллантириш имконияти мавжуд.

Асосан биз тўртта муҳим жиҳатларга эътибор қаратамиз. Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари бошланмасдан, бизнинг кузатувчиларимиз тайёргарлик жараёнларини кўздан кечиришди. Кун давомида эса мингдан ортиқ бланклар тўлдирилиб, статистик текширувга узатилади. Сайлов жараёнларида эса рўйхатдан ўтиш ва овоз бериш жараёнлари тўлиқ кузатилади. Эслатиб ўтамиз, барча жараёнлар ва маълумотлар онлайн тарзда узатилади, шунинг учун статистик кўрсаткичлар реал вақт тартибида ўзгариб боради. Сайлов участкаларининг иш фаолияти якунланганидан кейин эса овозларни санаш жараёни бошланади. Якуний босқичда эса 14 та округ участкаларида табуляция жараёнларига гувоҳ бўламиз. Бу жараёнлар тўлиқ якунлангандан кейин, таҳлиллар марказий сайлов коммисиясига узатилади. Бизнинг фаолиятимиз кенг кўламли ва чуқур таҳлилларга асосланган.

– Мен Покистондан ташриф буюрдим, бугун илк бор сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида қатнашаяпман, – деди Заҳид Хусейн Караний (Покистон). – Тўғриси, ҳайрон қолдим, эрта тонг бўлишига қарамай сайловчилар жуда кўп келишяпти. Овоз бериш жараёни ҳам тез амалга оширилмоқда, одамларнинг кўп бўлишига қарамай кутишга тўғри келгани йўқ. Бу ташриф буюрган илк сайлов участкам ҳисобланади. Бошқа сайлов участкаларидаги жараёнлар билан ҳам танишиб чиқмоқчиман.

Кеча сайловлар юртдошларимизнинг ана шундай фаоллиги остида ўтди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.