Хитойда смартфонлар учун иссиқ сув ва бутилка ёрдамида ишлайдиган қувватлантиргич яратилди

Улашиш:

Хитой ракета техникалари тадқиқоти институти олимлари термоэлектр чип билан жиҳозланган сув солинган бутилкадан қувватлантириш қурилмасини яратди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Таъкидланишича, чип сув иссиқлигини мобил қурилмаларни қувватлантиришда керак бўладиган электр энергиясига айлантира олади.
«300-500 мл миқдоридаги қайноқ сув бўлган бутилка 20-30 дақиқа электр энергияси билан таъминлай олишини аниқладик», — дейди тадқиқот гуруҳи аъзоси Шен Сзян.

Намунанинг намойишида термоэлектр қурилма қувватлантириш учун мўлжалланган USB-порт жойлашган бутилканинг қопқоғига ўрнатилган. iPhone кабел ёрдамида уланганида телефон экранида қувват олаётгани тўғрисида маълумот пайдо бўлган.

Муҳандисларнинг маълум қилишича, бу каби бутилка ноутбуклар, фотоаппаратлар ва бошқа кичик маиший буюмларни электр энергияси билан таъминлай олади. Айни вақтда улар корхоналар билан тижорий ишлаб чиқариш борасидаги ҳамкорликни муҳокама қилмоқда.

200 граммли чипга эга қурилмани кўтариб юриш қулай бўлиши учун мутахассислар бутилка оғирлигини даставвал космик қурилмалар учун яратилган енгил иссиқлик изоляцияли материал ёрдамида камайтирган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.