Бахтиёр Эргашев: Ўзбекистонда кадрлар соҳаси ҳанузгача уруғ-аймоқчилик муносабатлари ва “ўз” номзодларини илгари суришга асосланган

Улашиш:

Ўзбекистонда кадрлар соҳаси ҳанузгача уруғ-аймоқчилик муносабатлари ва “ўз” номзодларини илгари суришга асосланган. Айнан шу тизим профессионал кадрларга бўлган тақчилликни келтириб чиқармоқда, дея таъқидламоқда Ma'no тадқиқотли ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашев Москва давлат универистети ахборот-таҳлил марказига берган интервьюсида. 

– Йил бошидан президент турли ҳудудлардаги амалдорларни ишдан бўшатиб, буни "раҳбарларнинг саводсизлиги" билан изоҳлади. Бундан қандай хулоса чиқариш лозим? Ишдан бўшатиш янги тараққиёт стратегияси доирасида кадрлар муаммоси бўйича интенсив ишларнинг кўрсаткичими? 

- Дарҳақиқат, қандайдир жиддий ислоҳотларни амалга оширишга қарор қилган ҳар қандай мамлакатда асосий муаммолардан бири - кадрлар масаласидир. ХХ асрнинг буюк давлат арбобларидан бири ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади, деганида мутлақо ҳақ эди. Бугунги кунда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини тушунишга қодир кадрлар тақчиллиги ҳақиқатан ҳам мавжуд. 

Ўзбекистонда кадрлар соҳаси ҳанузгача уруғ-аймоқчилик муносабатлари ва “ўз” номзодларини илгари суришга асосланган. Айнан шу тизим профессионал кадрларга бўлган катта эҳтиёжни келтириб чиқармоқда,

Ислоҳотларнинг энг муҳим йўналиши - бу мактабгача таълимдан бошлаб олий таълим тизимигача бўлган соҳалар ҳисобланади. Шундан сўнггина биз таълим муассасасидан тугатиб, жиддий мутахассис бўла оладиган шахсни кўришимиз мумкин бўлади. Таълим сифатининг пасайиши замонавий Ўзбекистонда яққон кўзга ташланади, таълим тизимининг ўзи ич-ичидан коррупцияга тўладир.

Бироқ, бу борада баъзи муваффақиятларга эришилди. Сўнгги 5 йил ичида таълим тизимидаги коррупция даражаси пасайди ва бу ҳамма учун аён бўлаётган натижадир. Мамлакатда хорижий университетларнинг филиалларини очиш жараёни жадал бормоқда, рақобат муҳити яратилмоқда. Масалан, 2016 йилда Ўзбекистонда 60дан ортиқ университет мавжуд бўлиб, уларнинг атиги 4 таси хорижий ОТМлар эди. 2021 йилга келиб эса, ОТМлар сони 100 дан ошди, шундан 20дан ортиғи хорижий университетларнинг филиаллари ҳисобланади. “Суперконтракт” тизимининг жорий этилиши олий таълим таълим тизимининг асосий яраси бўлган коррупция имкониятларини кескин камайтирди.

Коррупцияга ботган тизимда ишлашни истамайдиган янги одамлар пайдо бўлиши учун вақт керак. Коррупционер-ўқитувчи умрининг охиригача коррупционер бўлиб қолаверади. Таълим тизимидаги коррупцион схемалар доирасида ишлашни истамайдиган янги қатламнинг пайдо бўлиши учун муддат талаб этилади.

Энг муҳим мақсад, ислоҳотларнинг олий мақсади -самарали вертикал “ижтимоий лифтлар”ни шакллантиришдан иборатдир, яъни ёш мутахассиснинг карьераси пул ёки қариндошчилик алоқаларининг мавжудлиги билан белгиланмаслиги лозим. Бунинг учун давлат хизмати тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур.

Нима деб ўйлайсиз, кадрларни “тозалаш” ишлари давом этадими?

- Назаримда, бу борадаги ишлар янада кучаяди, зеро, ислоҳотлар моҳияти ва чуқурлиги мураккаблашиб бормоқда. Айни пайтда янги кишилар ва янги кадрлар изланмоқда. Афсуски, одатда нисбатан янги кадрлар касбий жиҳатдан нолойиқ ёки порахўр бўлиб чиқади. Кўпчилик ҳолатларда иккаласи ҳам.

Марказимда ижро ҳокимияти идоралари (вазирликлар, идоралар, вилоятлар даражасида, суд тизимида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимида) даражасида кадрлар ўзгаришини назорат қилувчи ходимларим бор. Биз кадрлар ишидаги жараёнларни мунтазам равишда кузатиб боришга ва таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз, аммо, бунинг тўлиқ иложиси йўқ, чунки баъзида бир ҳафта ичида тахминан ўттиз-қирқта янги тайинловлар амалга оширилади. Буларнинг барчасини кузатиб бориш техник жиҳатдан қийин.

Айнан кадрлар танқислиги муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев янги   ечимни қўлламоқда. Бирор-бир вазир ёки вазирлик ўз вазифаларини бажара олмаса, у марказий идоранинг барча ходимларини "вазифасини бажарувчи” мақомига ўтказади ва ушбу вазирлик томонидан тартибга солинадиган соҳадаги вазиятни тўғирлаш ва яхшилаш учун маълум муддат беради.

Муддат тугагандан сўнг, барча ходимлар аттестациядан ўтказилади, ишининг уддасидан чиқмаганлар эса ишдан бўшатилади. Шундан кейингина ходимлар "вазифасини бажарувчи" деган қўшимчадан озод қилинади. Президент бутун вазирлик ходимларини “вазифасини бажарувчи” мақомига ўтказгани ва   вазиятни яхшилашга вақт ажратгани билан боғлиқ камида иккита ҳолат бўлган.

Бу фавқулодда чоралар бўлиши мумкин, аммо улар айни пайтда Ўзбекистон учун муқаррардир. Шубҳасизки, бу маълум бир асабийликни келтириб чиқаради, аммо қийин масалаларни ҳал қилиш ностандарт қарорлар қабул қилишни тақозо этади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.