Ўзбекистон фуқаролари енгил саноатда ишлаш учун Россияга таклиф қилинади

Улашиш:

Россия ҳукумати енгил саноат соҳасида ишлаш учун Ўзбекистондан мигрантлар ёллашни ташкил этишга қарор қилган. Илгари Ўзбекистон фуқаролари қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ишлашга таклиф қилинган эди. Айни пайтда соҳада кадрлар етишмаслиги ҳар йили тахминан 10 минг кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда “Российская газета”  хабар бермоқда.

Россияда мигрантлар етишмаслиги пандемия даврида чегаралар ёпилгандан кейин бошланди. Ўшанда қурилиш соҳасида кадрлар тақчиллиги тахминан 3 миллион кишини ташкил қилган. 2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон фуқароларини Россия қурилиш майдончаларига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилганди. Россияга 10 минг ишчи келади деб, тахмин қилинган.

Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири - мутахассисларни малакасига қараб танлашдир.

"Лойиҳада иштирок этаётган қурилиш компаниялари, яъни потенциал иш берувчилар муайян мутахассисликлар ва фаолият йўналишлари бўйича меҳнатга эҳтиёж борлигини эълон қилишди. Айнан улар учун тегишли малакага эга бўлган меҳнат ресурслари жалб этила бошланди. Бундан ташқари, хорижлик ишчига берилган патентда иш берувчи компания аниқ кўрсатилган бўлиб, натижада меҳнат шартномаси бўйича мажбуриятлардан қочишнинг олди олинади”, - деди Қурилиш вазирининг ўринбосари Никита Стасишин.

Кейинчалик пилот лойиҳа қишлоқ хўжалиги ишчиларига, ҳозирда эса енгил саноатга ҳам тадбиқ этилган. 2021 йил охирида давлатнинг 38 та ҳудудидаги енгил саноат корхоналарида қарийб 8 минг киши етишмаслиги ва бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 60 минг кишига етиши ҳақида хабар берилган эди.

Саноат ва савдо вазирлиги Ўзбекистондан мигрантларни жалб қилиш ҳуқуқига эга енгил саноат корхоналари рўйхатини тузиш керак бўлади.

Шу билан бирга, пилот лойиҳасининг барча иштирокчилари учун коронавирусга қарши текширув ва эмлаш талаби олиб ташланади, аммо тиббий кўрикдан ўтиш мажбурийлигича қолади. Бундан ташқари, пилот лойиҳа иштирокчилари сони энди чекланмаган. Аввалроқ, Ўзбекистон фуқароларининг энг кўп сони қурилиш соҳасида 10 минг киши ва агросаноат мажмуасида 1108   киши бўлиши кўрсатилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.