Ўзбекистонда журналистлар учун қатор танловлар жорий қилинмоқда. Ғолиблар пул билан рағбатлантирилади

Улашиш:

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қатор танловлар жорий қилинади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-каналида хабар берилди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича низомлар тасдиқланди. Хусусан, Болалар учун мўлжалланган энг яхши теле ва радиолойиҳа танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом. Бунда танлов 2 йўналишда – “болаларга мўлжалланган энг яхши телелойиҳа” ва “болаларга мўлжалланган энг яхши радиолойиҳа” номинацияларида ташкил этилиб, жами 30 та энг яхши лойиҳа молиялаштирилади. Танлов ҳар йили июль—август ойларида, ғолибларни тақдирлаш сентябрда ўтказилади. 

Яна бир низом — Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида. Шунга кўра, танлов ҳар йили чорак якуни бўйича қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

  • газета ва журналларда чоп этилган материаллар;
  • телеканалларда эфирга узатилган материаллар;
  • радиоканалларда эфирга узатилган материаллар;
  • веб-сайтларда эълон қилинган материаллар.

Бунда ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар тегишлича БҲМнинг 50 баравари (1-ўрин), 40 баравари (2-ўрин) ва 30 баравари (3-ўрин) миқдорида рағбатлантирилади. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан 22 тагача совриндорлар аниқланиб, улар БҲМнинг 10 баравари миқдорида рағбатлантирилиши назарда тутилган. 

Бундан ташқари, ОАВ ходимларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда хорижий тиллар бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Низомга мувофиқ, ОАВда камида 1 йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган ходимларнинг хорижий тилларни ўрганиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда улар хорижий тиллар бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлиши лозим. 

Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра,  “Обуна” ягона электрон платформаси ва унинг мобил иловаси орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг қайтариладиган миқдори обуна расмийлаштирилганидан 1 ой ўтиб шакллантирилади. Обуна харажатларининг бир қисми қуйидаги миқдорларда қайтарилади:

  • ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар – обуна нархининг 10 фоизи миқдори;
  • болаларга мўлжалланган даврий босма нашрлар – обуна нархининг 20 фоизи миқдори.

Шу билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом ҳам тасдиқланди. Бунда ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳани аниқлаш бўйича танлов эълон қилиниб, ғолиб лойиҳаларга Ўзбекистоннинг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.