Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларнинг заҳарланиши Антиструмин туфайли келиб чиққанлигини тан олди

Улашиш:

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов парламентнинг қуйи палатасидаги нутқида депутатлар олдида содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини ва бу хатони тан олишини айтди. Европа мамлакатларида ёки, масалан дейлик, Японияда, ушбу хато учун жавобгар бўлган вазирлик раҳбари аллақачон ўз лавозимини тарк этган бўлар эди, биз эса депутатлар олдида ўзимизни оқлаш билан чекланамиз, гарчи шу пайтгача жамоатчилик олдида расмий чиқиш қилмаган бўлсакда. Аммо бу масалада вазир негадир тилига олмаган кўплаб тушунарсиз ҳолатлар мавжуд.  

Иноятов ўз нутқида ниҳоят сентябрь ойида болаларнинг оммавий заҳарланиши Антиструмин препаратининг оширилган дозаси туфайли содир бўлганлигини тан олди. Шунингдек, у вазиятга алоқадор барча масъул шахслар қонун олдида жавоб беришларини айтди.

Вазир содир бўлган воқеа туфайли бутун профилактика тизими зарар кўрганини тушуниб турибди, энди ҳеч бир ота-она Соғлиқни сақлаш вазирлигига ишонмайди ва фарзандига мактабларда бериладиган дори-дармонларни ичишга рухсат бермайди. Энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарнинг ишончини қандай тиклайди? Кўринишидан, вазирликни бу қизиқтирмайди, чунки одамлар билан умуман мулоқоти йўқ.

Бу ерда шуни айтиш керакки, мулоқотнинг йўқлиги - бу маҳаллий амалдорларга хос умумий муаммодир. Биз ҳалигача Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан дарсликлардаги хатолар тўғрисида гаплаша олмадик. Аэропорт яқинидаги кўприк устунларининг қулаб тушгани нима билан якунлангани ҳам маълум эмас. Олдинги қишлоқ хўжалиги вазири нима учун ишдан олиб ташлангани сирлигича қолмоқда. Ва бу саволларни чексиз давом эттириш мумкин. Ахир ушбу маълумотлар таҳлил қилиш учун керак,   бундай салбий жараёнлар сони кўпаётган бўлса, балким тизимда бирор нарса нотўғри ишлаётгандир?

Антиструмин билан боғлиқ ишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ёритиш ва баҳолашни талаб қиладиган яна бир қанча ҳолатлар мавжуд.

Масалан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига саволимиз бор. Нима учун Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова воқеа дори-дармонлар билан боғлиқ эмас, деб айтган? Бу нопрофессионалликми ёки жонажон вазирликдан зарбани олиб қочиш истагими? Нега вазирнинг қандайдир бир маслаҳатчиси "ковлаш керак эмас" деб маслаҳат беради, гўёки излар юқорига олиб бораётган эмиш? Вазирлик матбуот хизмати қаерда? Ахир, нотўғри ва атайин ёлғон маълумотлар сукутдан ҳам ёмонроқдир.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги сукут сақламоқда. Samo компаниясидан 22 миллиард сўмлик 3,55 миллион Антиструмин қадоқлари тендерсиз сотиб олинган. Препаратнинг чакана нархи 3000 сўм бўлсада, уни 6500 сўмдан сотиб олишган. Samo фирмасининг собиқ ҳаммуассиси Нодир Юнусов эса АҚШда қидирувга берилган. Samo компаниясининг текшируви ҳақида баландпарвоз гаплар айтилган эди. Лекин бу масалада ҳам сукунат ҳукм сурмоқда.

23 сентябрь куни давлатимиз раҳбарининг шахсий топшириғи билан Саида Мирзиёева Наманган вилоятига ташриф буюргани умид бахш этмоқда. Унинг сўзларига кўра, иш Бош прокуратурага топширилган ва унинг шахсий назорати остига олинган. Умид қиламизки, тергов натижаси одатдагидек иккита сатрда берилмайди, балки жараённинг барча иштирокчиларига, шу жумладан жамоатчиликни йўлдан оздирган ва одамлар билан мулоқотни ташкил қилмаганларга ҳам баҳо берилади.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни мамлакат мактаблари ва болалар боғчаларида йод препаратларини бепул тарқатиш бошланди. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида болалар оммавий заҳарланиши ҳолатлари рўй берганидан сўнг, "Ўзфармназорат" дори ишлаб чиқарувчи "Само" фармацевтика корхонаси фаолиятини текширишни бошлади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорини болалар боғчалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига тарқатишни тақиқлади. Турли маълумотларга кўра, ўша препаратдан 450 га яқин бола азият чеккан.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.